Тўқимачилик саноати мураккаб даврда ҳам фаолиятини тўхтамайди

16:18 02 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1707 0

Самарқанд вилоятидаги тўқимачилик корхоналари бугунги кунда 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин ҳозирда уларнинг атиги қарийб 50 фоизидан фойдаланиляпти. Шу боис, тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чоралари қўлланилгани боис Самарқанд вилоятида 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлинган эди. Бундай пайтда вилоятдаги 110 мингдан ортиқ камбағал оила, ишламаётган корхоналарнинг ишчилари ва чет элдан қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳозиргача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа йўналишларда қарийб 35 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Шу пайтга қадар эса фаолияти тўхтаб қолган 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ишни қайта бошлади ва 25 мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланди. Йирик текстиль корхоналари эса санитария қоидаларига амал қилган ҳолда ишлаб чиқаришни тўхтатмай барқарор фаолият юритмоқда.

Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “SAMARKAND EUROASIA ТEXTILE” корхонасида дастлаб эркаклар кўйлаги ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг тури 20 дан ошиб, ишчилар сони 500 нафардан ортди.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган чойшаб, ёстиқ ва кўрпа жилдлари, дастурхон ҳамда бошқа маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда. Муҳими, корхона маҳсулотлари маҳаллий пахта толасидан тайёрланган экологик тоза матодан тикилмоқда. Корхонада юқори сифат ва халқаро талаблар асосида тайёрланаётган маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилиняпти. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона 700 минг долларлик маҳсулот экспортини амалга оширди.

— Бу йил корхонамизда уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ҳам бошланди, — дейди цех бошлиғи Фаррух Усмонов. — Ҳозирда маҳсулотларимизни Россия, Беларус Чехия, Туркия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қиляпмиз. Жорий йилнинг учинчи чорагида янги лойиҳани амалга ошириб, яна 120 нафар хотин-қизни ишга жалб қилиш ниятидамиз. Йил якунигача корхонамизда матолик гул қоғоз ишлаб чиқариб, 2021 йилдан бу маҳсулотни ҳам экспорт қилишни режалаштиряпмиз.

Корхонада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун Японияда ишлаб чиқарилган 100 та тикув машинаси келтириб ўрнатилди. Ўндан ортиқ тикиш амалиётини бажарадиган бундай замонавий дастгоҳларни шу ойдан ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Вилоятдаги йирик текстиль корхоналаридан яна бири - Булунғур туманидаги «Мароқанд сифат» масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона йилига 2 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятига эга. Нарпай туманидаги 13 минг гектар майдонда пахта етиштираётган мазкур корхона тўла кластер тизимида ишлаяпти. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар Қозоғистон, Россия, Туркия давлатларига сотилмоқда. Ҳозирги пандемия шароитида корхонанинг 700 дан ортиқ ишчиси карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ишни давом эттиришяпти.

— Корхонамиз асосан маҳаллий пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш билан шуғулланади, — дейди «Мароқанд сифат» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Исматов. — Юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган дастурлар натижасида 2019 йилда бизга имтиёзли кредит ажратилиб, хориждан замонавий ускуналар келтирилди. Умумий қиймати 4 миллион доллар бўлган қўшимча қувват ишга туширилиши билан яна 350 кишининг бандлиги таъминланди ва корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар 700 нафарга етди.

Вилоятда ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти аста-секин қайта тикланмоқда. Демакки, иқтисодиёт изига тушяпти. Тез орада барча корхоналар аввалги қувватда ишлашига ва экспорт салоҳиятини янада оширишга эришилади.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер