Томорқангизда бизнинг ҳам ризқимиз бор
Ўлкамизда қиш ҳам тобора оёқлаб, ер эгаси борки, кўкламги экин-тикиннинг ташвишига тушди. Омилкор томорқа эгалари ўтган йил кеч кузида экилган сабзавотининг рўзғоидан ортганини бозорларга олиб чиқмоқда. Айнан уларнинг, таъбир жоиз бўлса, фидокорона меҳнатлари туфайли қиш чилласида ҳам бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлиги кузатилаётир.
Рақамларга мурожаат этсак, ўтган йили Навоий вилоятида барча тоифадаги хўжаликларда сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш режалари ошиғи билан бажарилди. Бироқ вилоятда ўтган йили мавжуд томорқа ерларидан минг гектаридан ортиғининг бир йиллик “умри зое кетган”лигини инобатга олсак, хомаки ҳисоб-китобларга кўра, минг нафарга яқин томорқа эгаси ёки шунча оила камида 4,5-5 миллион сўмлик қўшимча даромадини ҳавога совурди, десак, адашмаймиз. Албатта бунинг сув таъминоти билан боғлик ёки бошқа муайян сабаблари бор.
Лекин ўз томорқасидан миллион-миллион сўмлаб даромад кўтараётганларга Навоий вилоятининг ҳар бир ҳудудидан ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Хусусан, Карманада Турсуновлар, Навбаҳорда Тошпўлатовлар, қизилтепалик Рустамовлар, хатирчилик Эрназаровлар оиласи шулар жумласидан. Айниқса, Кармана туманидаги Жалойир қишлоғининг томорқачилик маданияти ҳақида сўз кетса, ҳудуднинг Шибзон, Гурда, Арабхона, Юқори буғ, Аллон каби маҳаллалари аҳли бу ишнинг хадиси олган кишилар сифатида тилга олинади.
— Ноябрь ойининг бошларида томорқамиздаги уч сотих ерга пиёз, саримсоқ пиёз, исмалоқ ва бошқа кўкатлар экамиз, — дейди жалойирлик Нодира Камолова. — Эрта кўкламда ҳосилни йиғиштириб олиб, ўрнида помидор, бодринг етиштирамиз. Унинг ортидан булғор қалампири, шолғом, карам, кечки бодринг экиб, яна даромад оламиз. Мана, ҳозир ерларимиз исмалоқдан бўшамоқда. Пешма-пеш озиқлантириб, экишга тайёрлаяпмиз. Хуллас, тиним йўқ, лекин шу меҳнатимиз ортидан, минг қатла шукр, ҳамма орзу-ҳавасларимизга етишяпмиз.
Албатта, ҳолва дегани билан оғиз чучимайди. Томорқа меҳнат талаб қилади. Бироқ унга ҳар куни икки соатгина вақтини бағишлаган киши ўртача икки сотихдан ерга ишлов берса, бир ҳафтада ўн тўрт сотих ерни ўзлаштиради. Бу ҳар биридан икки сотихдан экилганида 300 килограмм картошка, 400 килограмм сабзи, 500 килограмм пиёз, 100 килограмм саримсоқ пиёз, 550 килограмм помидор, 600 килограмм бодринг, пулга чаққанимизда эса бир рўзғорга бир мавсумда 10 миллион сўмдан ортиқ даромад деганидир.
Қолаверса, томорқа саломатликнинг беминнат ҳимоячиси. Унда ҳар куни бор-йўғи бир соат ишлаган киши бутун танаси мускулларининг чигилини ёзиб, қон айланиши яхшиланади. Шунингдек, томорқа ҳосили рўзғор дастурхонлари тўкин ва ранг-баранглиги манбаи, бу эса ўз навбатида фарзандларнинг наинки жисмоний, балки ақлий баркамоллиги гарови ҳамдир.
Мамлакатимиз раҳбари ҳар йили томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, бозор юкини енгиллаштириш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор омили сифатида эътибор қаратиб, томорқа эгаларини қўллаб-қувватлашнинг самарадор механизмларини жорий этиш вазифаларини белгилайди. Натижада илгаригидек хонадонларга “Томорқанингизга нега ҳеч нарса экмадингиз, экинг”, деб эмас, экишга монелик қиладиган қандай муаммонгиз бор, деган мақсадлар билан борилмоқда. Ушбу тизим самараси ўлароқ ўз томорқасида иссиқхоналар ташкил этиш ниятидаги фуқароларимизга ссуда ва кредит маблағлари тақдим этилмоқда. Ўрганишлар асосида экин суви таъминоти оғир бўлган маҳалла ва хонадонлар аниқланиб, тик қудуқ (артезиан) қазиш ва бунинг учун кредит маблағлари йўналтириш тадбирлари белгиланмоқда.
Нурота туманида Илҳом Самиев раҳбарлигидаги "Nurota tomorqa klaster" МЧЖ шулардан бири бўлиб, унга икки йил олдин асос солинган. Ўтган йили тадбиркор Алишер Навоий номидаги МФЙ ҳудудида мева-сабзавотни қайта ишлаш лойиҳаси асосида умумий қиймати 5.5 млрд. сўмлик 300 тонна сиғимга эга музлаткич - омборхона, мевани саралаш, қайта ишлашдан тортиб қадоқлашгача бўлган жараёнларни жамлаган цех, паррандачилик инкубатори, сунъий уруғлантириш пункти, кўчатчилик, дон майдалаш цехларини ишга туширди.
— Корхонамиз томорқа эгаларига тик қудуқ (артезиан) қазиб бериш хизматини ҳам таклиф этмоқда, — дейди Илҳом Самиев. — Ушбу кластерни йўлга қўйиш орқали маҳаллий аҳолидан эллик кишининг бандлигини таъминладик. Корхонамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини музлатгич-омборда сарҳил сақлашдан ташқари сабзи, пиёз ва боғдорчилик меваларини қуритиб, қоқи кўринишида қадоқлаш ва ташқи ҳамда ички бозорга чиқариш йўлга қўйилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, томорқа ҳар бир хонадон маданияти, маънавияти, муҳит соғломлиги кўзгуси ҳамдир. Дарвозадан кирган киши ҳовли саҳнига назар солибоқ, “Отасига раҳмат” ёки “Хайф шунча ер” деган муносабатни кўнглидан ўтказади. Томорқаси обод кишининг кўнгли ҳам, турмуши ҳам обод бўлади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг