Томорқаларда лимон ва узум етиштириш оммалашади
Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Тошкент вилоятида аҳоли томорқасида лимон ва узум етиштириш оммалаштирилади. Бу бўйича Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев тегишли қарорни имзоланди.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида узумчилик ва Қибрай туманида лимончилик бўйича катта тажриба тўпланган. Шуни алоҳида эътиборга олиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экинларни жойлаштириш, маҳаллаларга бириктириш, кўчат ва уруғларни етказиб бериш бўйича вилоятда саъй-ҳаракатлар бошланган.
Жумладан, 2025 йилдан бошлаб вилоят ҳудудидаги 118 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг томорқаларида лимон ва узум кўчатларини экиш ишлари оммалаштирилади. Бу жараёнда Томорқа хизмат корхоналари, фермер хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари аҳолига кўмаклашади. Режа бўйича ушбу йўналиш учун Бўка, Паркент, Оҳангарон, Бекобод, Пискент, Тошкент, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Бўстонлиқ ва Қибрай туманлари танлаб олинган.
Шу билан бирга, ҳар бир туманда томорқадан етарли тарзда фойдаланмаётган маҳаллалар ажратиб олиниб, уларга маҳалла ходимлари бириктирилади. Мева-сабзавот етиштирилиши қатъий назорат қилинади.
Ўз навбатида, Оққўрғон, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Паркент каби туманларнинг айрим сув таъминоти оғир ҳудудларида томорқа ер майдонларини суғориш учун вертикал қудуқларни бурғилаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳам мўлжалланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг