Томорқачилик ривожи ва фаровонлик
Иллюстратив фото
Озиқ-овқат таъминоти, хусусан, инсонларни едириб — ичириш масаласи бутун дунё мамлакатларини жиддий ўйлантираётгани бугунги кунда айни ҳақиқат. Мамлакатимизда ҳам бу масала ниҳоятда долзарблик касб этиб, йилига ярим миллиондан ошиб бораётган халқимизнинг ризқини бутун қилиш, дастурхони тўкинлигига эришиш осон юмуш эмаслиги барчамизга аён. Айни масала бугун бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемиясининг ер юзига тарқалиши хавфи билан янада ўткирлашган. Давлатимиз раҳбари шундан келиб чиқиб, ҳокимликлар, тегишли вазирлик, идора ва мутасаддилар билан бир неча бор видео селектор йиғилишлари кун тартибига ушбу масалани қўйиб, тизимли иш ташкил этиш бўйича муҳим вазифа ва топшириқлар, йўл-йўрик ҳамда тавсияларини бериб келмоқдалар.
Жумладан, жорий йил 8 апрель куни ўтказилган навбатдаги видео селектор йиғилиши ҳам ушбу масалага бағишланди. Унда Юртбошимиз томонидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш лозимлиги, йилига 2-3 марта ҳосил олаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, аксинча, шундай имкониятдан фойдалана олмаётган хонадонларга ер солиғини ошириш борасида аниқ топшириқлар берилди.
Мазкур видео селектор йиғилишида томорқани оилавий бизнесга айлантириб, ерда йилига уч мартагача ҳосил етиштириш ҳисобига 50-60 миллион, ҳатто, 100 миллион сўмгача даромад олаётган оилалар мисол қилиб келтирилди.
Таъкидлаш керакки, Наманган вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилиб, кафтдек ердан тонна-тонналаб ҳосил олиш билан истеъмол бозорини тўлдиришга муносиб ҳисса қўшаётган миришкор инсонлар сафи муттасил кенгайиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда вилоятдаги 775 та маҳалла фуқаролар йиғинида 372,4 минг хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти томонидан 19,9 минг гектар майдонда томорқа хўжалиги юритиляпти. Мазкур майдонларнинг 9 минг гектарига кузда экилган тўқсонбости экинлар ҳосилининг олди бозорга чиқарилди. Қолган 10,8 минг гектарига эса эртаки ҳамда ўртаки экин экиш ишлари давом эттирилаётир.
2020 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаги) экинлардан 296679 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиниши кутилмоқда. Унинг таркибида 106216 тонна тўқсонбости сабзавот экинлари,110649 тонна сабзавот,2356 тонна полиз,70944 тонна картошка, 200 тонна дуккакли экинлар ҳосили ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари бор.
Йиллар давомида тўпланган тажриба томорқачиликни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш ўринлидир. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги 48 та маҳалла
“Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавотчилик, кўкат етиштириш, гулчилик, кўчатчилик ва иссиқхона йўналишлари бўйича ихтисослаштирилди. Жорий йилда табиий иқлими, тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда яна 52 та маҳалла томорқачилари улар сафига қўшилди. Мисол учун,Уйчи туманидаги “Исломобод” маҳалласида 785 та хонадон 85 гектарда иссиқхона маҳсулотлари, “Истиқлол” маҳалласидаги 120 та хонадон 75 гектарда ҳар хил турдаги кўкатлар, “Тошлоқ”ликлар эса 210 та хонадондаги 38 гектар ерда гилос меваси етиштириляпти. Поп туманининг Ғурумсарой маҳалласида 378 та хонадон 23 гектар томорқа майдонида картошка, Яккатут маҳалласида 809 та хонадон 45 гектар ерда помидор, Марғизор ва Ўрта Марғизор маҳаллаларида 645 та хонадон 58 гектар майдонда саримсоқ парвариши билан банд. Бундай манзарани Наманган шаҳри ва барча туманларда учратиш мумкин.
Мўл-кўлчилик манбаига айланган томорқачиликни қўллаб-қувватлаш вилоят ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларининг доимий эътиборида. Чунончи, вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан жорий йилда аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этиш мақсадида 24 минг гектар майдонга 1,5 минг тонна ёнилғи мойлаш материаллари, 5минг тонна минерал ўғит ҳамда 3,9 минг тонна уруғлик маҳсулотлари етказиб бериш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар кўпчилик туманларда айни вазифаларнинг асосий қисмини молиялаштириш ниҳоясига етказилди.
Кам таъминланган томорқа ер эгаларига экин экиш юзасидан амалий ёрдам бериш чоралари белгиланганлиги ҳам кўпчиликни қувонтирмоқда. Уларга маҳаллий бюджет ҳисобидан сабзавот уруғлари ва мевали дарахт кўчатлари учун маблағлар ажратилиб, салоҳиятли фермер хўжаликларига бириктириб қўйилган. Айни мақсадда вилоят ҳокимининг фармойишига асосан маҳаллий бюджетнинг захира ҳисобидан 24 миллион сўм маблағ ажратилди.
Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган “Аҳолининг томорқа маданиятини ривожлантириш, томорқа ер участкасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ деҳқончиликнинг ушбу йўналишидаги тажрибалар муттасил оммалаштириб борилмоқда. 9-14 март кунлари вилоятдаги мавжуд 12 та шаҳар ва туманларда сектор раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ишларини ташкил этишга бириктирилган мутасадди бошқарма ва идоралар иштирокида ҳудудий семинарлар ўтказилди.
Наманганда 2019 йилда 2670 та замонавий ихчам иссиқхоналар ташкил этилди. Жорий йилда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ва ташқи бозорга чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида ҳар бир туманда
300-500 тадан, вилоят бўйича жами 4,4 мингта хонадонда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 411 та намунавий лойиҳа асосида маҳаллий хом ашёдан527 та ихчам иссиқхоналар фойдаланишга топширилди.
Томорқа эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни бошланғич сармоя ҳамда бошқа зарур харажатлар учун маблағ билан таъминлаш диққат-эътиборда. Буни 2018-2019 йиллар мобайнида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 565 нафар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖларга 20,5 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилганида ҳам кўриш мумкин. Мазкур маблағ ёрдамида кўплаб фуқаролар иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича бизнес режаларини амалга оширишга муваффақ бўлдилар.
Ҳозирги кунда “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари учун 2,2 миллиард сўмлик миқдорда кредит расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу маблағ ҳисобига 13 дона мотокультиватор, 6 та мини трактор, 21 та қишлоқ хўжалик агрегатлари,қуввати 900 тонна бўлган мева сабзавот қуритиш ускуналари сотиб олиш, битта 300 тоннали музлаткичли омборхона қуриш режалаштирилган.
Янгиқўрғон туманидаги “Янгиқўрғон картошка уруғчилик маркази томорқа хизмати” МЧЖ томонидан Ғовазон, Оқсув Ғовазон, Боғистон, Янги Боғистон маҳалла фуқаролар йиғинларида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида картошка етиштириш, “Радивон цитрус меваси томорқа хизмати” МЧЖ томонидан лимонария иссиқхоналар қуриш, “Даладан-дўконгача” тамойили асосида дала дўкони ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳал этилиши талаб қилинаётган ўта муҳим муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб,танти, меҳнаткаш, сабрли халқимизни ўз томорқаларидан янада унумли фойдаланишга чорлашлари ҳеч шубҳасиз барча қатори наманганликларни ҳам янада руҳлантирди. Бинобарин, ўзининг бой тажрибаси, самарали меҳнати билан айни йўналишда қўйилган долзарб вазифалар ижросида фаоллик кўрсатиш ҳар бир юртдошимизнинг қатъий ҳаракатига айланган.
Икромхон НАЖМИДДИНОВ,
Наманган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Қ. Нажмиддинов.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг