Томорқа деҳқончилиги – барака манбаи
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада бир парча ердан ҳам мўмай даромад олиб, рўзғори бут, турмуши фаровон бўлаётган оилалар сони ошиб бораётир. Бу эса, табиийки, аҳолида томорқа деҳқончилигига қизиқиш уйғотиб, эл маъмурчилигига ҳисса қўшиш учун рағбат бағишламоқда.
Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Бегбоев ўз томорқасидаги атиги бир сотихни майдондаги иссиқхонада лимон ва мандарин етиштириб, яхшигина даромад топади.
— Бугунги кунда маҳалламиздаги оилаларнинг 50 фоиздан зиёди томорқа деҳқончилиги билан рўзғор тебратмоқда, — дейди И. Бегбоев. — Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек томорқадан фойдаланишда сусткашликка йўл қўяётган хонадон эгалари йўқ эмас, албатта. Улар ўртасида бир қарич ер ҳам даромад манбаи экани, озгина меҳнат ва қунт бўлса, ана шу ер чинакам хазинага айланишини ўз ишимиз ва тажрибамиз мисолида кўрсатиб, тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Тумандаги Килдон маҳалласида яшовчи Илҳом Эшонқулов эса томорқасида 6 сотихли иссиқхона барпо этган. У томчилатиб суғориш усулини қўллаган ҳолда тўқсонбости экинларининг ўзидан йилига 7-10 миллион сўмгача даромад олади. Эртаги ва такрорий экинлардан келадиган даромадларни қўшганда камида 85 миллион сўмгача маблағ рўзғорини тўкин қилиб туради.

— Ерни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уни увол қилиш хато ва мен буни ҳатто гуноҳ деб биламан, — дейди Илҳом ака. — Мана, кўклам кириб, экин-тикин ишларини тезлатиб юбордик. Томорқангизга экин эксангиз, ҳечқурса, гулу райҳон қаламчаларини қадасангиз ҳам, яшилликдан, гўзалликдан кўз қувнайди. Рўзғорнинг каму кўстида томорқада етиштирган ҳосилларингиз асқатади. Фақат меҳнатдан қочмаслик керак, холос. Ўзим ва ён-атрофдаги маҳалладошларимдан кўриб айтаманки, томорқада деҳқончилик қилиб, даромад топишда барака бор.
Маълумот учун. Бугунги кунда Булунғур туманида жами 39 минг 391 нафар томорқа ер эгалари бўлиб, улар ихтиёрида 3 минг 931 гектар экин майдони бор.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг