Томдида яшаш — чинакам қаҳрамонлик

01:36 16 Февраль 2022 Жамият
953 0

Фото: Халқ сўзи

Томди тумани Навоий вилояти марказидан салкам 260 километр олисда жойлашган. Қизилқум эмасми, иқлими ўта континентал. Саратонда термометр устуни ҳаво ҳарорати 45- 48 даражадалигини кўрсатса, қишнинг чилласида манфий 25-30 даражагача тушган кунлар ҳам бўлади.

2018 йилда (қарийб 44 йиллик танаффусдан сўнг) Томдига мамлакат раҳбари ташриф буюриб, туман фаоллари билан дилдан суҳбат қурди. Уларнинг тимсолида томдиликларнинг орзу-ҳавас, умид-ишонч ва муаммолари билан қизиқаркан, ушбу ҳудудда яшашнинг ўзи чинакам қаҳрамонлик, дея таъкидлади. Бу таҳсин бийдай саҳрони Ватан билиб, меҳрини берган, заҳмат чекиб ҳаловат топаётган томдиликларга юксак эҳтиром ифодаси ҳамдир.

Бугунги кунда Томдида 15 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мамлакат, вилоят ва туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим янгиланишлардан ҳудуднинг олис овуллари аҳли 1938 йилдан буён нашр этилаётган «Томди шаруагери» газетаси орқали хабардор бўлишади. Газетага турли йилларда Абубакр Шектибаев ҳамда «Дўстлик» ордени соҳиби Шамил Абдусаматов каби журналистлар муҳаррирлик қилишган. Уларнинг чорвадорларнинг машаққатли меҳнати ва чўлнинг инжиқ табиатидан зийнат топиб ёзган мақолалари марказий нашрларда ҳам юқори баҳоланиб, чоп этилган. Афсуски, бугун улар орамизда йўқ.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан туман ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида ушбу марҳум журналистларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.

А.Шектибаев 2000-2015 йилларда «Томди шаруагери»да муҳаррир вазифасида ишлаб, 6 нафар фарзандни вояга етказган. Уларнинг кенжаси Жарасқан бугун «Янги Томди» қўрғонидаги хонадонда ота уйи чироғини ёқиб ўтирибди. Тадбир доирасида А. Шектибаевнинг вилоят журналистикасига қўшган ҳиссаси эътироф этилиб, марҳум журналистнинг оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган «Саховат қутиси» топширилди.

Томдилик яна бир фидойи журналист — Шамил Абдусаматов эса ҳудуднинг ягона нашрига Абубакр оғадан сўнг (2015-2020 йилларда) муҳаррирлик қилган.

— Турмуш ўртоғим умрини газетага бағишлади, — дейди марҳум журналистнинг беваси Гулбони Қуттимуротова. — Аввало, газета фаолиятига бефарқ бўлмаган туман ҳокимлигидан миннатдормиз. Бугунги кунда газетамиз 1650 нусхада чоп этилиб, унда курьер вазифасида ишлаб келяпман.

Томдида яшашнинг ўзи чинакам қаҳрамонлик экан, туман аҳлига бор-йўғи «Ҳорманг!» дейиш ҳам чинакам мадад. Шу маънода навоийлик журналистларнинг ташаббуси бошқа соҳа вакилларига ҳам ибрат бўлгуликдир.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер