«Толибон»нинг юқори мартабали делегацияси музокаралар учун Норвегияга келди

23:52 22 Январь 2022 Дунё
1723 0

Фото: ana.press

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати делегацияси Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Ослога жўнаб келган. Бу ерда бир қатор давлатлар вакиллари, шунингдек, Афғонистоннинг турли ижтимоий-иқтисодий вакиллари иштирокида маслаҳатлашувлар ўтказилади. 

Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Абдул Каҳор Балхий маълум қилди.

«Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки бошчилигидаги Афғонистон Ислом Амирлигининг юқори мартабали делегацияси махсус рейсда Норвегияга жўнаб кетди. У ерда турли мамлакатлар вакиллари билан инсонпарварлик ёрдами, шунингдек, сиёсий, таълим ва иқтисодий масалалар бўйича музокаралар ўтказилади», дейди «Толибон» вакили.

Жума куни Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» делегациясини 23-25 ​​январь кунлари «Норвегия ҳукумати, халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамиятининг турли соҳаларидаги афғонлар» билан маслаҳатлашувларда қатнашиш учун Ослога таклиф қилингани ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Анникен Хюитфельдтнинг таъкидлашича, бўлажак учрашувлар Афғонистонда «Толибон» томонидан тузилган муваққат ҳукуматни тан олишни англатмайди.

Афғонистоннинг 1TV телеканали хабарига кўра, музокараларда Волеси Жирғанинг (Халқ палатаси, мамлакат парламенти қуйи палатаси) собиқ депутати ва Афғонистон миллий бирдамлик ҳаракати раҳбари Саид Ишоқ Ғилоний, Волеси Жирғанинг собиқ аъзоси Жафар Маҳдавий, шунингдек, таниқли афғон журналисти ва ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳбуба Сираж ҳам иштирок этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер