Тойлоқда замонавий тиббиёт муассасаси қад ростлади

16:28 11 Ноябрь 2023 Жамият
661 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўртақишлоқ маҳалласида жойлашган тиббиёт маскани биноси жорий йилнинг биринчи мавсумида ўтказилган “Очиқ бюджет” танловида ғолибликни қўлга киритган эди. Лойиҳа қиймати 760 миллион сўм бўлган мазкур бино мукаммал таъмирланиб, замонавий оилавий шифокорлик пунктига айлантирилди. Тиббиёт ходимлари куни арафасида мазкур шифо масканининг янгиланган биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, муассасада яратилган шароитлар билан танишди.

— Оилавий шифокорлик пунктимиз Ўртақишлоқ ҳамда Файзиобод маҳаллаларида яшовчи 8330 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, — дейди муассаса раҳбари И.Тўхтаев. — Бугун нафақат мазкур муассасада фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг балки, қишлоқ аҳлининг қувончи чексиз. Сабаби, барча қулайликлар, тиббий жиҳозлар, мебеллар билан таъминланган шинам бинога эга бўлдик.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқар­масидан олинган маълумотга кўра, 2023-йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудларда 12 та оилавий шифокорлик пункти, 5 та оилавий поликлиника ва 30 та маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилди. Бирламчи тиббий-санитария муассасалари сони 203 тадан 244 тага етди.

Бунинг натижасида 850 минг нафар аҳоли бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Эътиборлиси, ўтган даврда 228 та поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларидаги 2100 та ўринга эга кундузги стационарда 70 минг нафарга яқин бемор даволанди. Бу кўрсаткич 2022-йилнинг мос даврида 26 минг нафарни ташкил этган.

Бирламчи тиббий хизмат муассасаларига бўлган талабнинг кескин ортиши тизимда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли яратилган замонавий шарт-шароитлар натижасидир.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер