Тойлоқда иккита янги давлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади

10:21 26 Март 2026 Жамият
237 0

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болажонлар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Тойлоқ туманидаги Ўртақишлоқ маҳалласида 140 ўринли ҳамда Чорбоғтепа маҳалласида 120 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Мазкур таълим-тарбия масканларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, янги боғчаларнинг фойдаланишга топширилиши ушбу маҳаллалардаги болажонлар учун катта қулайлик яратишини қайд этишди. Шунингдек, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, билимли ва соғлом этиб тарбиялашда бундай таълим масканларининг аҳамияти беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Янги қурилган мактабгача таълим муассасалари замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган бўлиб, уларда болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Кенг ва ёруғ гуруҳ хоналар, мусиқа ва машғулот хоналари, ошхона, тиббиёт хонаси ҳамда болалар учун мўлжалланган замонавий ўйин майдончалари мавжуд. Бу эса болажонларнинг хавфсиз, қулай ва мазмунли муҳитда тарбияланишига хизмат қилади.

Очилиш маросими давомида меҳмонлар муассасада яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, педагоглар ва ходимларга келгусидаги фаолиятида муваффақиятлар тилашди. Маҳаллалар аҳолиси ҳам ушбу янги таълим масканлари иш бошлаганидан мамнун бўлиб, бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдиришди.

Мазкур боғчаларнинг фойдаланишга топширилиши тумандаги мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, ёш авлодни муносиб тарбиялаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер