Тойлоқ туманида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда
Мазкур лойиҳа доирасида туманнинг «Илмобод» маҳалласида жойлашган ўрмон хўжалиги балансидаги 9,12 гектар ер майдонида эко туризмни ривожлантириш ишлари бошланди.
Лойиҳа қиймати 4,26 миллиард сўмни ташкил этиб, 2026 йилнинг биринчи босқичида хизмат кўрсатиш йўналишида муҳим инфратузилма объектларини барпо этиш режалаштирилган.
Кўп йиллик дарахтзорлар ҳудудида табиат бағрида дам олиш маскани ташкил этилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги имкониятлар яратилади. Натижада ҳудудда 35 та янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 50 та янги доимий иш ўрни яратилади ҳамда бюджетга қўшимча 300 миллион сўм тушум келиб тушиши кутилмоқда.

«Зарбдор тажрибаси» асосида ишлаб чиқилган ушбу ташаббус ҳудуд иқтисодиётини янада фаоллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Айни пайтда лойиҳа доирасида муҳим инфратузилма ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, 1,4 километр йўлни асфалтлаш, пиёдалар учун 0,8 километр йўлакча қуриш, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳудудда 60 дона ўриндиқ, 60 дона кўча чироқлари ва чиқинди қутилари ўрнатилиши режалаштирилган. Дам олувчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида сунъий кўл барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Электр таъминотини яхшилаш учун 1,2 километр СИП кабел тортиш, трансформатор ўрнатиш ва таянч устунлар барпо этиш ишлари ҳам лойиҳа таркибидан ўрин олган. Ушбу ишларнинг барчаси Республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, лойиҳа жорий йилнинг июл ойида ишга туширилади. Натижада Тойлоқ туманида туризм салоҳияти ошиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди. Бу эса ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига янги суръат бағишлайди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг