Тойлоқ туманида Амир Темур сиймоси улуғланди
Мамлакатимиз бўйлаб буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Амир Темур ойлиги» доирасида Самарқанд вилоятида ҳам кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Тойлоқ туманида «Амир Темур боғи» барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу эзгу ташаббус юртимизда тарихий меросни асраб-авайлаш, буюк аждодлар хотирасини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ўртақишлоқ маҳалласида жойлашган мазкур боғ ҳудуди тубдан ободонлаштирилиб, унинг марказида қад ростлаган Амир Темур ҳайкали қайта таъмирланди. Натижада ҳудуд замонавий ва эстетик жиҳатдан янада жозибадор масканга айланди.
Маросим давомида Амир Темур ҳайкали тантанали равишда очилиб, унинг улуғвор сиймоси пойига гуллар қўйилди.
Боғнинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги, темуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этиб, Соҳибқирон меросининг тарбиявий аҳамияти хусусида фикр билдирдилар.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар шунингдек, Амир Темурнинг буюк саркардалик салоҳияти, унинг тарихдаги ўрни, амалга оширган юришлари, бунёдкорлик ишлари ва қурдирган боғлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
— Амир Темур нафақат тарих яратган, балки тарихни ўзгартирган буюк сиймолардан биридир, — дейди Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. — Амир Темур нафақат забардаст лашкарбоши, балки юрт ободлиги, илм-фан ва маданият равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширган буюк шахс сифатида тарихда муҳрланиб қолган. Шу боис ҳам Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Амир Темур ойлиги» доирасида юртимизда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Тойлоқ туманида ушбу тадбирнинг ўтказилиши ҳамда «Амир Темур боғи» ва ҳайкалининг очилиши бежиз эмас. Чунки, Соҳибқирон бобомиз яратган машҳур боғларнинг бири ҳам айнан шу туманда бўлган.

Мазкур боғ ҳудудида шунингдек, Амир Темур музейи ҳам ташкил этилган бўлиб, ундан жой олган экспонатлар орасида қадимий қўлёзмалар, меҳнат ва уй-рўзғор буюмлари, Соҳибқирон даврига оид турмуш тарзини акс эттирувчи буюмлар алоҳида эътиборни тортади. Шунингдек, Амир Темур томонидан барпо этилган боғлар ҳақидаги маълумотлар, тарихий манбалар асосида яратилган миниатюралар музей кўргазмасининг асосий қисмини ташкил этади. Ушбу миниатюралар орқали ташриф буюрувчилар ўша давр муҳитини, бунёдкорлик ишларини ва юрт ободлиги йўлида амалга оширилган улкан саъй-ҳаракатларни яққол тасаввур қилиш имконига эга бўлишади.
«Амир Темур боғи» эндиликда нафақат дам олиш маскани, балки тарихий меросимизни янада чуқурроқ ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда ўтмишимиз, буюк аждодларимизга бўлган фахр ва ғурур ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим маънавий масканга айланади.

Тадбирда «Турон» театр жамоасининг «Темур тузуклари» асосидаги саҳна кўриниши, мактаб ўқувчилари ҳамда туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилиб, йиғилганларга байрамона кайфият улашилди. Айниқса, ёшларнинг Амир Темур сиймосига бағишланган саҳна кўринишлари ва шеърлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, туманнинг «Боғичинор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «ZAMONAVIY NEW BUILDER» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этувчи замонавий 9 қаватли, 84 хонадонли кўп қаватли уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилди. Мазкур турар жойнинг биринчи қаватида аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 6 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ҳам ташкил этилган.

Уйларнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, янги хонадон эгаларига самимий табрикладилар.
Туман марказини ривожлантиришга қаратилган бу каби йирик лойиҳалар ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, бош режага мувофиқ умумий қиймати 90 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида ҳар бири 84 хонадондан иборат, жами 252 та хонадонни ўзида жамлаган яна 3 та 9 қаватли уй-жой ҳамда 18 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриб битказиш режалаштирилган.
Бундай бунёдкорлик ишлари ҳудуднинг қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг