Тўй нега қолдирилди?

18:18 31 Январь 2022 Жамият
3171 0

Никоҳ тўйи элу қавмга янги оила қурилаётгани маълум қилинадиган қадим удумлардан бири. Одатимизга кўра фарзанд улғайтирган ота-она бунга узоқ йиллар ҳозирлик кўриб, орзу-ҳавасларининг ушалганини қавму қариндошлар даврасида нишонлайди. Жамият аталмиш улкан занжирда эса яна кичик бир халқа — янги оила пайдо бўлади. Ушбу оила қўрғони мустаҳкам бўлиши, келгуси йил шу пайтда бешик тўйига келиш ва ҳоказо эзгу-тилаклар жамланган табрик сўзлари янграйди. Бир сўз билан айтганда, бахт остонасидаги ёшларга ҳеч ким ёмонликни раво кўрмайди.

Аммо бу ёш оилалар ичида ҳеч қанча фурсат ўтмай, дарз кетаётганлари қанча... Биргина Навоий вилоятида ўтган йилга доир никоҳ ва ажралишларни қайд этиш статистикасига разм солсак, 9 минг 236 та оила қурилгани ҳолда 1 минг 259 та никоҳ бекор қилинганлигини кузатамиз. Тадқиқотлар бузилган оилаларнинг аксариятида қизлар 18-19 ёш, йигитлар эса 19-20 ёшлар атрофида никоҳдан ўтганлиги, янаям аниқроғи оила қураётган ёшларнинг никоҳга ҳали тайёр эмаслигини кўрсатмоқда.

Маърифатсиз маърифатпешалар

— Энг афсусланарлиси, ҳали она сути оғзидан кетмаган боласини ота оналар турмушга узатиш учун ФҲДЁ бўлимларига олиб келишади, — дейди Нурота туманидаги 1-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Зебо Мирзаева. — Ҳатто баъзи зиёлилар ҳам фарзанди фуқаролик фуқаролик паспортини олдими, демак, турмуш қуриши мумкин, деган фикрда.

Яқинда Эшонсудур маҳалласидан келишди. Бўлғуси келин эндигина паспорт олган. Маҳалла-кўй билан бу тўйни тўхтатишга уриндик. Аммо, тушунтиришларимизга қарамай, қизни қонуний никоҳсиз “келин” қилиб узатишибди.

Қани эди, эрта турмушнинг олдини олишни фақат ҳужжатлар белгиласа... Қанча куйинманг, барибир ўз билганидан қолмайдиган ота-оналар бор. Никоҳ ёши 18 дан эканлигини билса-да, “Келинг, шуларни загсдан ўтказиб қўяйлик”, деб ўртага тушувчи обрў-эътиборли кишилар қанча?..

Никоҳ, оила ва тўй йигит ва қизнинг бир-бирига кўнгил қўйишидан ташқари қуда тарафларнинг ташаббуси ва розилиги билан амалга ошадиган жараён. Кузатишларимизга кўра, аксарият қизлар эрта турмушга рози бўлишмайди. Лекин қиз бола овқат пиширишни, саранжомликни билса бас, никоҳга тайёр, деган фикр одамларимизда ҳамон сақланиб қолмоқда.

— Ўтган йил ёзида тиббиёт олийгоҳнинг 1-босқичини тугаллаган қизни никоҳдан ўтказиш учун олиб келишди, — дейди Навбаҳор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Ҳалима Нурматова. — Куёв ҳам талаба экан. “Оила қуриб, тиббиёт институтини қандай тугаллайсиз, қийналиб кетасиз-ку?” дедик қизга. Жавобидан маълум бўлдики, ўқишга кирган кунидан бошлаб, ўқиган қизнинг “овчилари” — совчилар тиним бермаётган эмиш. “Ўқимишли, тузукроқ жой”дан чиққан экан, қизнинг ота-онаси йигитинг бўлмаса шунга берамиз, дебди. Ўқишининг ҳали ярми ҳам ўтмаган қизга совчи йўллаган оилани маърифатпеша деб бўладими? Борингки, ўқишни амал-тақал қилиб тугатар, борингки, тузукроқ шифокор ҳам бўлмас, лекин беш йил оила ва рўзғорнинг ташвишларига талаба келинчакнинг бардоши етармикин? Кимга керак бундай синов?

Оналик бахти

Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Бироқ баъзи ота-оналар ўз орзу-ҳаваслари йўлида фарзандининг келажак тақдирига беписанд муносабатда бўлиши кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзандининг соғломлигига салбий таъсир кўрсатиб, қуда-андалар ўртасида носоғлом муносабатлар ҳам юзага келади.

— Эрта никоҳ касб-ҳунар ўрганиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб улгурмаган қизларда ижтимоий яккаланишга олиб келади, — дейди “Оила” илмий-тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳфуза Ҳамроева. — Бу бевосита янги оилани камбағаллик ботқоғи сари бошлаб, хотин-қизларнинг оиладаги дискриминацияси, гендер тенглиги бузилишига замин яратади. Ачинарлиси, бундай оилавий муҳитда ўсган бола мактабгача таълим муассасасида ҳам, мактабда ҳам ўзини яккалашга мойил бўлади.

Шифокор сифатида таъкидлашим жоиз, эрта турмуш қуриш табиийки, қиз бола организми ўсишда давом этаётган даврда ҳомиладорликка олиб келади. Эрта ёшда хомиладор бўлиш туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Тўғри, 15-17 ёшгача қизлар жисмонан етилади, аммо бу ҳали уларнинг она бўлиш учун физиологик ва руҳан тайёрлигини билдирмайди. Қизлар 15-17 ёшга тўлгани билан уларда, хомиланинг ривожланиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Бир қатор физиологик омиллар сабаб туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Аксарият ҳолатларда эса эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлилик кузатилади. Бу ҳол кўпинча келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслигига, ногирон гўдаклар туғилишига, туғуруқдан кейин турли асоратлар ёки бепуштликка олиб келиши мумкин. Мазкур асоратлар, яъни камқон онани даволаш, ногирон фарзандни дори-дармон билан таъминлаш - бу энди бир оилани эмас, бутун жамиятни ижтимоий муаммолар гирдобига тортади. Шу боис тиббиёт аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи деб хисоблайди.

Балоғат ва камолот

Таъкидлаганимиздек, никоҳ, оила қуриш икки ёшнинг ўз ихтиёри билан ўз тақдирларини бир-бирига боғлашини англатади.

— Турмуш қуришда балоғат ёши эмас, балки камолот ёши нисбат олиниши лозим, — дейди Навоий вилоят бош имом хатиби Тоҳир Рўзиев. — Муқаддас динимизда ҳам оила қураётганларнинг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари белгиланган. Хоҳ йигит, хоҳ қиз бўлсин, оила юкини кўтарадиган, қадр-қимматини тушуна оладиган бўлса, турмуш қуришлари дуруст. Шу билан бирга оила ва никоҳни ўта кечиктириб юбориш ҳам маъқул эмас. Баъзи ёшларимиз Ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилиб, 30 ёшдан ошиб ҳам оила қурмасдан юриши урфга айланмоқда. Буни баъзилари рўзғорни эплашга қодир бўлиш билан изоҳлашса, айрим йигитлар “Севган қизим билан бир-биримизни синовдан ўтказаяпмиз”, деб изоҳлашмоқда. Пул топа олиш оила қуришда камолот пайти етганлигини англатмайди. Шунингдек, ёшларнинг оила қурмай, бир-бирини синаяпмиз қабилида яшашлари ҳам ножоиз. Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Кўриниб турибдики, бугун қаламга олаётган мавзумизнинг тўйларга деярли алоқаси йўқ. Гап эрта оила қуриш, никоҳнинг ёшариб бораётганлиги хусусида эди.

Тўй — ҳар бир янги оила қувончининг дебочаси. Оила эса жамиятда соғлом муҳит барқарорлиги, соғлом гўдак туғилиб, вояга етадиган ватан ичра кичик ватандир. Мулоҳазаларимиз шу Ватан пойдевори мустаҳкам бўлишининг асосий омиллари хусусида эди, бунда сизнинг ҳам фикрларингизни кутиб қоламиз.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер