Тиланчилик тирикчилик эмас
Фото: Иллюстратив фото
Тақдир инсонни умри давомида турли ташвиш, қийинчилик ва синовларга рўбарў қилиши мумкин. Кутилмаган сабаблар, муайян вазиятлар туфайли киши ўзини ўзи эплаш, ҳаракатланиш имкониятларидан маҳрум бўлиши, ўзгалар кўмаги, меҳри ва саховатига муҳтожлик сезиши табиий.
Албатта, бундай қисмат эгаларидан марҳаматни дариғ тутмаслик, имконият даражасида мурувват кўрсатиб, садақа қилиш жоиз. Аммо кўча-кўйда, аҳоли гавжум манзиллар, чорраҳалар ҳамда турли идора ва муассасалар олдида ўз мискинлиги иддаоси билан тиланчилик қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Улар шу даражада эътибордан четдами?
Мавзу қанчалик нозик бўлмасин, уни тилга олдикми, борини айтайлик, тиланчилик сизу биз ўйлаганчалик кун кечириш манбаига ўхшамайди. Икки йил аввал Навоий вилоят судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган бир жиноят бу масалада фикримизни асослайди.
Мазкур жиноят бўйича суднинг қора курсисига ўтирган судланувчилар — карманалик Муҳиддин Баҳронов ва унинг янгаси Сабоҳат Камолова қизи Сабина Жўраева билан 1-гуруҳ ногирони Зоҳид Келдиёровни ваҳшийларча ўлдириб, жиноят изларини яшириш мақсадида Зарафшон дарёсига ташлаб юборишади.
Қотиллик тафсилотларига батафсил тўхталиб ўтирмай, қўшни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган марҳум Зоҳид Келдиёров умрининг сўнгги паллаларида қандай хўрланганини икки оғиз очиқласак. Судланувчилар Зоҳиднинг тиланчилиги эвазига келаётган даромадни йўқотмаслик ва унинг қочиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ўзлари истиқомат қилаётган уйнинг омборхонасида устидан қулф уриб сақлаб келишган.
— Омборхона тор ва паст шифтли бўлиб, айниқса, ёз жазирамасида З. Келдиёровнинг ҳаётига, соғлиғига ҳар доим хавф солиб турган, — дейди суд мажлиси раиси А. Сафаров. — Вақти-вақти билан «тутқун» ҳовлига оёқларидан занжир билан боғланган ҳолда чиқарилганини ҳисобга олмасак, у ўзига нисбатан заррача меҳр-шафқатни кўрган эмас. Боз устига Зоҳид чанқоғини босиш учун сув сўраганида ёки ҳожатга зарурат бўлганини айтганида бу тошбағир кимсалар уни уриб, тан жароҳатлари етказишган. Бир сўз билан айтганда, 1-гуруҳ ногирони Зоҳид Келдиёровни жисмонан ва руҳан азоблаб, уни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишган.
Таъкидлаш жоиз, Зоҳид Келдиёровнинг Пахтачида туғишган ака-сингиллари бўлиб, қонуний вакил сифатида унга тайинланган ногиронлик нафақа пулларини ойма-ой олиб туришган. Бундан ташқари судланувчиларнинг кўрсатма беришича, Зоҳиднинг тиланчилик қилиши орқали топилган пуллардан бу ака-сингиллар «улуш» олишсада.(судда бу ҳолат ўз тасдиғини топмаган — таҳририят) улар З. Келдиёровни ойлаб дараклашмаган ҳам. «Ижара»га олганлар эса болаликдан ногирон, қўл-оёқлари мажруҳ Зоҳиддан одамларда ачиниш ҳисларини уйғотиш мақсадида фойдаланишиб, қўшни Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига «гастроль»лар уюштиришган.
Суд қотил ва жиноят иштирокчиларига нисбатан адолатли ҳукм, ушбу ҳолатга бефарқ ва лоқайд бўлганларга нисбатан эса ажрим чиқарди. Қонун устуворлиги таъминланди. Афсуски, тиланчилик ҳалиям ҳудудларда айрим ғаразли кишиларнинг тирикчилик манбаи бўлиб қолаётгани рост.
Албатта, бу каби ҳолатларга ҳуқуқ-тартибот идоралари бефарқ, деган фикрдан йироқмиз. Хусусан, Навоий вилоятида прокуратура, ички ишлар ва Миллий гвардия идоралари томонидан ўтказилган рейдларда тиланчилик билан шуғулланаётган 35 нафар вояга етмаган болалар аниқланиб, уларнинг ота-оналарига нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Вилоят ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари Воҳид Рўзимуродовнинг таъкидлашича болаларнинг тўрт нафари Бухоро, уч нафари Самарқанд, беш нафари Қашқадарё вилоятларидан келиб, тиланчилик билан шуғулланишган. Йигирма олти нафари мактаб ўқувчилари бўлиб, дарсларга боришмаган. Табиий савол туғилади, ушбу ўқувчиларнинг ота-оналари, мактаб жамоалари нега бу ҳолга хайрихоҳ. Қўшни вилоятлардан келган «гастролчи» болалар қаерда яшаб, кимнинг қозонини қайнатишга кўмаклашишган?
Нафсиламрини айтганда, ушбу ҳуқуқбузарликка ёлғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг тиланчига нисбатан жазо чораларини қўллаш ёки тушунтириш ишларини олиб бориши билан барҳам бериш мушкул. Назаримизда, бу ҳолат бардавомлигини таъминлаётган омилларга қарши чора-тадбирлар белгиланиши лозим. Мисол учун, Литвада нафақат тиланчилик, балки тиланчиларга хайр қилиш ҳам таъқиқланган ва бундай ҳаракат 580 еврогача жарима солиниши билан жазоланади. Мамлакатимизда эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодекси 1883-моддасига мувофиқ, 2019 йилнинг январидан эътиборан юртимиз ҳудудида ёши, миллати, жинсидан қатъи назар, жамоат жойларида тиланчилик қилиб юрганларга нисбатан жавобгарлик белгиланди. Бунгача Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексларида фақатгина вояга етмаганларни тиланчиликка жалб этганлик учун чора мавжуд эди. Жиноят кодексига киритилган янги 1271-моддага мувофиқ, тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бироқ амалда тиланчилар жазоланмоқда деб айта оламизми?.
Аслида гап жазолаш ҳақида ҳам эмас. Аксинча, ушбу иллатнинг анча яшариб, ўз комига гўдакларни тортаётганидан одам сергак тортади.
Шуниси аниқки, бир қараганда анчайин беозор кўринган бу ҳуқуқбузарлик жамиятда боқиманда авлод занжирини яратаётгани билан асоратлидир.
Юқоридаги фикрларимиз меҳр-саховатга муҳтож, ҳақиқий мискинларга асло тегишли эмас.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг