Тил билган эл билади, касб эгаллаган камолга етади
Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани танқид қилинди. Ўқувчи-ёшларга мактабда камида иккита хорижий тил ҳамда битта касб-ҳунар ўргатиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди.
Шунга кўра Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам касб-ҳунар ўқув-устахоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир туман ва маҳалланинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчиларга мактабнинг ўзида 64 турдаги касбни ўргатиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Хива шаҳридаги 18-сонли умумтаълим мактабида шаҳар ва туманлар ҳокимлари, таълим соҳаси раҳбарлари, мактаб директорлари иштирокида ўтказилган амалий семинар айни шу масалага бағишланди.
Семинар қатнашчилари хорижий тил ўқитувчиларининг дарс тақдимотлари, IT технологиялар соҳасида ўз иқтидорларини намойиш этаётган ёш дастурчилар ҳамда ўқув устахоналари фаолияти билан танишдилар.

Айтиш ўринлики, мазкур мактабда 2 та хорижий тил ва 17 турдаги касбни ўргатиш учун махсус хоналар ташкил қилиниб, ушбу тўгаракларга 7-11 синф ўқувчиларидан 220 нафари жалб қилинган. Машғулотларни юқори малака сертификатига эга чет тили ўқитувчилари ва Хиванинг машҳур ҳунармандлари олиб боради. Компьютер ва мобил телефонларни таъмирлаш, ёғоч ўймакорлиги, тунукасозлик, тикувчилик, пазандалик, иссиқхона хўжалиги, эркаклар ва аёллар сартароши каби касбларни пухта эгаллаш учун мактаб ҳовлисида қисқа вақт ичида енгил конструкциялар ёрдамида бир нечта ўқув устахоналари барпо этилди. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида касб ўрганиш баробарида шогирд сифатида маълум миқдорда даромад ҳам ишлаб топадилар.
Семинарда ушбу мактаб тажрибасини бутун вилоят бўйича кенг оммалаштириш чора- тадбирлари белгилаб олинди.
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг