Тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқариш бошланди

22:37 20 Апрель 2020 Жамият
3037 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи “Quality Electronics” корхонаси қисқа муддатда иш бошлади. Юз нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган мазкур корхонада ҳамма карантин тартиб-қоидалари ўрнатилган. Кириш ва чиқиш қатъий назорат тартибида, тиббиёт ходимлари текшируви остида олиб борилмоқда. Шундай оғир вазиятларда ҳам халқимизни арзон ва сифатли ҳимоя воситалари билан таъминлашга бел боғлаган корхона жамоаси юқори сифатли, халқаро талабларга мос, ишончлилик ва ҳимояланиш даражаси 95 фоиз бўлган KN-95 маркали тиббий ниқобларни ишлаб чиқариб, тегишли ҳудудларга, карантин шифохоналарига ва аҳолига етказиб бермоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги Фармонлари билан тадбиркорларга солиқ, божхона ва кредит масалаларида қатор имтиёзлар берилди, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Абдумалик Бойматов. — Биз ҳам ушбу имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда халқимизнинг оғир кунида хизмат қилиш мақсадида умумий қиймати 2,8 млн. доллар бўлган инвестиция лойиҳасини амалга оширдик. Лойиҳанинг кунлик қуввати 165 минг дона, бир ойда ўртача 4 млн.га яқин тиббий ниқоблар ишлаб чиқарилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Айтиш жоизки, мазкур ниқоблар фильтр материалларидан тайёрланган бўлиб, 4 та ҳимоя қаватидан иборат. Биринчи қатлам спанбонд мато, микрон чанг фильтри, иккинчи қатлам фаоллаштирилган углерод матоси, бензол-микрон чанг фильтрлаш функцияси, учинчи қатлам зич фильтрли мато, тўртинчи қатлам спанбонд матодан иборат, бу ҳар қандай зарарли моддаларни фильтрлайди. Тасаввур қилинг, янги коронавируснинг диаметри 0,1 дан 0,12 микронгача. Шунинг учун KN95 ниқобини кийиш вируснинг самарали олдини олади. Бунда кирган ва чиққан ҳаво, албатта, фильтрдан ўтади. Оддий ниқобларда эса бундай имконият мавжуд эмас. Уни атиги 2 соатгина ишлатиш мумкин. Респиратор фильтрлар эса узоқ вақтгача сизни ҳимоя қила олади. Хавфсизлик ва ишончлилик даражаси анча юқори.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Инқирозга қарши курашиш Республика комиссиясининг кўрсатмасига биноан фаолият юритаётган корхоналарда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, улар ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, ишчилар овқатланишини мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш қатъий белгиланган. “Quality Electronics” корхонасида фаолият юритаётган 100 нафар ишчи-ходимлар ҳам тана ҳароратлари ўлчаниб, махсус қўлқоплар, ниқоблар ва устки ҳимоя халатларини кийган ҳолда ишлаб чиқариш ҳудудига киритилади. Ҳар икки соатда бу режим қатъий назорат қилиб турилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Юртимиздаги эпидемиологик вазият мураккаблиги боис тиббий ҳимоя воситаларига талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Карантин даврида барча саноат тармоқлари қатори “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ҳам ушбу жараёнда фаол бўлиб, тиббиётга алоқадор зарурий тиббий буюмларини ишлаб чиқаришга ўзларини сафарбар этмоқдалар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер