Тезгузарда замонавий марказ барпо этилмоқда

13:52 06 Декабрь 2024 Жамият
297 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Шофиркон туманидаги Тезгузар маҳалласи аҳоли тиғиз яшайдиган гўшалардан саналади. Жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўров эса бу ҳудудда маҳалла маиший хизмат кўрсатиш маркази барпо этишга эҳтиёж борлигини кўрсатди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги қарорига мувофиқ, юртимиздаги кўплаб қишлоқ жойлари қатори Тезгузарда ҳам шундай иншоот қурилиши белгиланди.

Айни пайтда маҳаллада мазкур марказни барпо этиш юмушлари авжида. “Қишлоққурилиш лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланган лойиҳа смета ҳужжатига кўра, объектда 4 миллиард 735 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилади. Марказ ишга тушгач, у тезгузарликларга ўнга яқин маиший хизмат турларидан фойдаланиш таклифини беради. Қолаверса, иншоот маҳалланинг энг кўркам биноларидан бирига айланади.

Маълумот тариқасида айтиш керакки, бу хайрли иш “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида бажарилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Ислом тараққиёт банки ва ОРЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокидаги бу каби ижтимоий соҳа объектларини Бухоро, Когон, Вобкент ва Ғиждувон туманларида ҳам бунёд этиш белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер