Терроризмга қарши кураш ва унинг олдини олишда минтақа якдил

15:51 03 Март 2022 Сиёсат
1434 0

Фото: "Халқ сўзи"

Тошкентда «БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини давом эттирмоқда. Анжуман куннинг иккинчи ярмида шуъбаларда ўтказилмоқда.

Конференция доирасида «Терроризмга қарши кураш ва унинг олдини олиш» секция мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан мутахассислар, халқаро ташкилотлар, аналитик марказлар вакиллари ва мустақил тадқиқотчилар сўзга чиқди. Мамлакатимиз вакили таъкидлаганидек, Ўзбекистон террорчиликка қарши курашда ҳуқуқий, профилактик ва тушунтириш ишларидан кенг фойдаланмоқда. Ҳозирги кунда республикамизда терроризмга қарши курашда давлат ва фуқаролик жамиятининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Давлат амалдаги қонунларимизга зид равишда конституцион тузумга қарши гуруҳларнинг фаолиятини аниқлайди ва уларга чек қўяди.

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган. Бундан ташқари, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Қозоғистон «Контртерростик қўмита» ижтимоий бирлашмаси президиуми раиси, захирадаги полковник Аманжол Ўразбаевнинг айтишича, террорчиликка қарши курашда энг мураккаб йўналишлардан бири уни молиялаштириш каналларини аниқлаштириш ҳисобланади. Жаҳон интернет тармоғи ривожланаётган бир пайтда яқин вақтларгача терроризмни молиялаштиришнинг амалдаги тизими — Хавала ўрнига янги юқори технологияли йўналишлар юзга келмоқда. Сўнгги 15 йилдан бери жиддий активларни тўплаган тўлов ташкилотлари бутун дунё бўйлаб аҳоли орасида оммалашди.

Фото: "Халқ сўзи"

Мажлисда сўзга чиққан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари мутахассислари ва экспертлари Ўзбекистон билан террорчиликни молиялаштиришга қарши курашдаги ҳамкорликни юқори баҳоладилар. Чақириқ ва таҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини ҳисобга олиб, иштирокчилар БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси мақсадларига эришиш учун келгусида самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шунингдек, шуъба мажлисида терроризмга қарши курашиш жараёнига оид аниқ масалалар кўриб чиқилди ва терроризмга қарши курашнинг мафкуравий, ташкилий, ҳуқуқий, психологик ва техник жиҳатлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларида БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга оширишда юзага келадиган алоҳида масалалар муҳокама қилинди.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер