Термизда «Вақф» меҳмонхонаси иш бошлади
Сурхондарё вилоятида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси ҳудудида «Вақф» меҳмонхонаси иш бошлади. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
70 ўринга мўлжалланган меҳмонхонада люкс ҳамда ярим люкс хоналар мавжуд. Ҳудудда чойхона ва ресторан ҳам фаолият олиб боряпти. Бу каби қулай шарт-шароитлар маҳаллий зиёратчилар ва хорижий сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятини беради.

Меҳмонхона М-39 автомагистрал йўли ёқасида жойлашган бўлиб, воҳадаги муқаддас қадамжолар - Ҳаким Термизий, Исо Термизий, Султон Саодат ёдгорлик мажмуалари, Кампиртепа, Фаёзтепа, Қоратепа сингари қадимий ёдгорликлар зиёратчиларига сифатли хизмат кўрсатади. Келгусида меҳмонхонани ҳалол стандарти талабига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган.
Янги меҳмонхонанинг очилиш маросимида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Илҳом Раҳматов,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг