Термизда “KfW” банки билан ҳамкорликда тиббиёт кадрлари тайёрлайдиган янги марказ ташкил этилади

16:22 14 Декабрь 2023 Жамият
592 0

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Германия тараққиёт банки (“KfW”)нинг Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа департаменти бошлиғи Веионика Гарциа Дел Арко бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этиш керакки, мазкур давлат банки 75 йиллик иш тажрибасига эга. Бош идораси Франкфурт шаҳрида жойлашган. Муассаса ҳамкор мамлакатларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш учун молиявий кўмак кўрсатиб келади.

“KfW” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, тиббий муассасаларни модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаи билан таъминлаш ва тиббий таълим бўйича қатор инвестициявий ва грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Туберкулёз касаллигига қарши кураш” грант лойиҳасининг 5 ва 6-босқичи, “Ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида телерадиологияни жорий этиш” ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамалаш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш шулар жумласидан.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланиб, молиявий келишув доирасида стратегик шерикликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашувда кейинги йил Германияда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларида янги лойиҳаларга маблағ ажратиш бўйича вазирликнинг таклифлари тингланди.

Мулоқот якунида “Термиз шаҳрида тиббий кадрлар тайёрлаш ва қўшимча таълимни модернизация қилиш” лойиҳасини йўлга қўйиш юзасидан муҳим келишув имзоланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 13,5 миллион евродан иборат “KfW” банки грант лойиҳаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг 4 миллион евролик маблағи ҳисобига йўлга қўйиладиган мазкур лойиҳа тиббиёт ходимларини илғор Германия стандартлари асосида касбий тайёрлаш ва малакасини оширишни назарда тутади.

Унинг доирасида Термиз шаҳридаги тиббиёт коллежини зарур жиҳозлар, шу жумладан, симуляцион ускуналар билан таъминлаш орқали тиббиёт ходимлари тайёрланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер