Термизда “ақлли” бекатлар сони 8 тага етди

Бу ерда инновацион бекатнинг галдаги ишга туширилиб, улар сони 8 тага етказилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“ мухбири хабар берди.
“Ақлли” бекатларда кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, “Фуқаро-тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоғи, видео назорати, USB электр тармоғи нуқталари, банк тўлов терминали мавжуд. Бу ерда тезкор маълумот тўплаш имкониятининг борлиги йўналишдаги транспорт ҳаракатини режалаштиришда қўл келади. Айни чоғда нафақат бекат, балки унинг атрофида жамоат тартиби юзасидан тезкор маълумот олиш имконияти ҳам мавжуд.
Яна бир қизиқ жиҳати шуки, ҳар бир бекатга қуёш электр энергияси панели ўрнатилган бўлиб, бу уларнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр қуввати билан таъминлаш имконини беради.
— Чиндан ҳам жуда ақлли, — дейди Термиз шаҳридаги 11-мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Зуҳра Тоғайқулова. — Масалан, пойабзал тозалаш ускунаси олиб қарайлик. У жамоат транспортида тозаликни сақлаш, озода юришимизга кўмаклашади.
Яқин келажакда вилоят марказида бундай “ақлли” бекатлар сони 40 тадан ошиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг