Термиз шаҳри Ўзбекистоннинг жанубдаги гавҳарига айланмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бу шаҳар қадимий тамаддун марказларидан бири. Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ушбу кўҳна кент турли маданий қадриятлар ривожида муҳим ўрин эгаллаган.
Тарихи буюк шаҳар мустақиллик йилларида ўзининг янги ривожланиш даврини бошдан кечирмоқда. Ҳеч муболағасиз, шаҳарни бугун катта қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд этилаётган кўп қаватли тураржойлар, савдо, маданий ва маиший ҳамда маъмурий иншоотлар, кенг ва равон йўллар, яшил майдонлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Мегополис шаҳарлар билан бўйлашаётган Термиз шаҳри том маънода Ўзбекистоннинг жанубдаги гавҳарига айланмоқда. Айни пайтда қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари янада жадал тус олган. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар натижасида “Юлдуз” МФЙ ҳудудидаги Ибн Сино кўчаси энг обод масканларидан бирига айланди. “Чегара” ва “Мангузар” МФЙларини бирлаштирувчи кўчанинг икки ёнида 157 та 2 қаватли тураржойлар қад ростлади.
“Термиз” темир йўл вокзалидан “Мангузар” маҳалласигача бўлган автомобиль йўлининг 1,8 км қисми реконструкция қилинди. Бунинг учун 28,8 млрд. сўм маблағ сарфланди.
— Автомобиль йўлининг ҳар икки томонида 5 минг 500 м2 пиёдалар йўлаклари қурилди, — дейди Термиз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азимбек Самадов. — Йўл бўйлаб 200 га яқин тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди. Ҳудудда 30 минг туп манзарали, 150 минг туп гул кўчатлари экилди. 3,1 км масофага ёмғирлатиб ва томчилаб суғориш тизими, 4,2 км лик оқова сув тармоғи тортилди. Термизнинг ўзига хос иссиқ иқлимини мўътадиллаштириш мақсадида “Термиз” каналининг янги ўзани қурилди. Меҳридарё, Беруний ва Ибн Сино кўчалари бўйлаб ўтган ушбу канални бунёд этиш учун 7,1 млрд. сўм маблағ ажратилди. Канал бўйлаб 6,3 км узунликда яшил майдонлар барпо этилди.
Айни кунларда Термиз шаҳридаги 37 та маҳалла ҳудудида катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 74 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунинг асосида 42, 3 км автомобиль йўлларини асфальтлаш, 23 км бетон қопламали йўл бунёд этиш, 21 км пиёдалар йўлагини қуриш, 34 км ичимлик ва сув оқова тармоқларини тортиш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти. Бундан ташқари ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, бино ва иншоотлар, кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини янгилаш, манзарали гул кўчатларини экиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ишлари тобора кенг қулоч ёзмоқда.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг