Тергов ҳибсхонасида сайловолди тадбири
Наманган вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли 6-сон тергов ҳибсхонасида сайлов тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди. Давра суҳбатини ҳибсхона бошлиғи ўринбосари Умиджон Раҳимов очди. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят комиссияси раиси ўринбосари Саодатхон Усмонова, модератор Отабек Йўлдошев Сайлов кодекси ҳақида тушунча бердилар.
Маълумки,аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмас эди. Кодексдаги энг катта янгиликлардан бири ушбу нормага ўзгартириш киритилганида. Хусусан, Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир ҳисобланмайдиган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни, сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузиш мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди.
Уйчи туман адлия бўлими бошлиғи Ҳалимжон Қобилов сайлов бюллетенлари ҳақида гапириб, уларни тўлдириш тартиби билан таништирди.
Тадбир сўнгида тарғиботчилар ҳибсхонада ташкил этилган 475-сайлов участкасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг