“Темурийзодалар, бирлашайлик!”
Дунёдаги тенгсиз, айни дамда камёб бўлиб қолган хислатлардан бири бу — бирлик. Қадимдан улуғ аждодларимиз инсонларни наинки жангларда, балки кундалик ҳаётда ҳам ҳамиша бирлашишга даъват этган. Шу сабаб аждодларимиз камчилик билан ҳам кўп сонли қўшинларни енга олган. Демак, бирлашмоқ биз учун кўҳна мерос. Бугун биз бу меросга амал қиляпмизми?
Келинг, мозийга назар ташлаймиз. Шубҳасиз, бирлашиш бобида Амир Темур тарихда кўп ва хўп ўрнак олишга арзирли ишлар қилган. Унинг кам сонли қўшин билан кўпчиликни маҳв этган жангларига мисоллар бисёр. Масалан, Андижонда мўғулларнинг амирларидан бўлган Қамариддин билан урушда у 200 кишилик аскар билан пистирмадан ҳужум қилган 4 минг кишилик қўшинни енгган. Зафар топиш, ғалаба қозониш лашкарнинг кўплигида эмас, балки Тангри Таолонинг қўллаб-қувватлашидадир, дейди “Темур тузуклари”да Соҳибқирон. Ундаги бу хислат темурийзодаларга ўзига хос мерос бўлиб ўтган. Гарчи 20 ёшида вафот этган бўлса-да Амир Темурнинг тўнғич фарзанди Жаҳонгир Мирзо куч аскарлар сонида эмас, бирликда эканига риоя қилган, аскарларини-да шу ўй билан руҳлантирган.
Бирлашиш бобида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Кобул, Ғазна шаҳарларини уч юз аскар билан эгаллаган. 1526 йилда 12 минг аскар билан 50 минг қўшинли душманни енгиб, Ҳиндистонни забт этган. Қандай?! Албатта, бирлашган ҳолда. Шундай бўлишига қарамай, у “Бобурнома” асарида камтарлик билан муваффаққиятга қуйидагича изоҳ беради:
“Таваккалимизга яраша тенгри таоло ранж ва машаққатимизни зое қилмай, мундоқ зўр ғанимни мағлуб қилиб, Ҳиндистондек кенг мамлакатни мафтуҳ айлади. Бу давлатни ўзимизнинг зўр ва қувватидин кўрмасбиз, балки тенгрининг маҳзи лутф ва шафқатидиндур ва бу саодатни ўзимизнинг саъй ва ҳимматидин билмасбиз, балки тенгрининг айни карам ва иноятидандур.”
Шу ўринда яна бир юксак туйғу — камтарликни учратамиз. Шу икки хислат билан одамларни бирлаштириб, улуғ мақсадлар сари эргаштира олган. Бу каби жангларга, жасоратларга мисоллар кўп. Шайбонийхонга қарши курашда ҳам Бобур “Темурийзодалар, бирлашайлик!” дея кўп бор таъкидлайди ва мақсадига эришади.
Бугун-чи деган савол бизни бироз ўйлантиради. Бугун нега бирлаша олмаймиз? Оддий карантин қоидаларига риоя этишга, ўзимиз билан ўзимиз бирлашишга кучимиз етмаётгандай гоҳида. Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар, дейди доно халқимиз ҳам. Бежиз эмас, узоқ йиллар бу ибора ҳаёт синовларида ўз ифодасини топгани боис тилдан тилга кўчиб келмоқда. Шундай экан, Темурийзодалар, бирлашайлик!
Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг