Темурийлар даврининг зукко тадқиқотчиси

14:29 07 Апрель 2026 Жамият
283 0

Ўзбекистонда Амир Темур шахси, темурийлар даври тарихи, маданияти, меъморчилиги, ёзма ёдгорликлари, манбашунослиги, тарихшунослигини илмий тадқиқ қилиш ХХ асрнинг 20-йилларида бошланган. Жумладан, В.Л. Вяткин (1869 – 1932), Пўлат Солиев (1882 – 1938), Миён Бузрук Солиҳов (1886 – 1938), Мусо Саиджонов (1896 – 1938), Абдулмўмин Сатторий (1904 – 1925) каби тадқиқотчилар қаторида С.Айний (1878 – 1954) ҳам Амир Темур ва темурийлар даври ёзма ёдгорликлари, меъморий обидаларига доир ўша давр даврий матбуотида, шунингдек, алоҳида нашрларда қатор мақолалар эълон қилди. Эътиборлиси, бу тадқиқотларда Амир Темур ва темурийлар даври тарихига холисона ёндашув, илмий журъат, нуқтаи назар ва фикр эркинлиги кўзга ташланади. Мазкур тадқиқотлар ҳали коммунистик мафкура қобиғига солинмагани билан ҳам эътиборга молик.

Айнийнинг “Мир Араб иморатлари”, “Тарихий тасхеҳ”, “Тарихий эъзоҳ”, “Жилвон руд”, “Самарқанд шаҳри”, “Эски асорлар. Чилустун, Чиннихона, Кўксарой ва Кўктош”, “Қутби чаҳордаҳумнинг кўриниши” каби мақолалари Туркистон, қолаверса Ўзбекистон тарихининг очилмаган саҳифаларини ўрганишда ёрдам беради. С.Айнийнинг илмий мероси ўзбек тилида 8 жилдда, тожик тилида 16 жилдда ва рус тилида 6 жилдда нашр этилганлигига қарамай олимнинг юқорида тилга олинган тарихий мавзудаги мақолалари негадир тўла асарлари тўпламидан жой олмаган. Ваҳоланки, улар Ўзбекистон илмий темуршунослигидаги дастлабки илмий ишлардан ҳисобланади.

Муаллиф Амир Темур ва темурийлар даври ҳақида ёзар экан, Самарқанддаги ўзгаришлар, жумладан ободончилик ишлари, барпо этилган меъморий обидалар, мақбаралар таърифига кенг ўрин ажратган. Тасвир мазмунидан соҳибқирон ҳокимият тепасига келгунга қадар Самарқанд хароба ҳолга тушиб қолганлиги, Амир Темур эса шаҳарнинг катта қисмини қайта тиклашга жазм этганлиги тўғрисидаги фикрларни илғаб олиш қийин эмас. Айний Амир Темурнинг шон-шавкатига ҳеч шубҳа қилмаган ҳолда, у қурдирган иморатларнинг тарихий-бадиий қирраларини очиб беради. Гўри Амир комплексининг тавсифини бераётганда унинг Амир Темур қудратига мос эканлигини очиқ ёзади.

С.Айний “Самарқанд шаҳри” номли мақоласида дастлаб шаҳарнинг бунёд этилишидан Амир Темур тахтга келгунга қадар (XIV аср 70 йиллари) бўлган тарихига қисқача тўхталиб ўтади. Унинг “Самарқанд шаҳрининг биринчи биноси” номли бўлимида Искандар Зулқарнайннинг Ўрта Осиёга қилган юриши давридаги Суғдиёна давлати ва унинг пойтахти бўлган Мароқанд (Самарқанд) шаҳри тарихи ҳақида муҳим маълумотларни келтиради. “Ҳикоя китоблари Боғи шамол томонда бўлган ҳозирғи “Девори қиёмат” ва “Девори Кўндаланг”ларни ҳам Искандарга нисбат берилар. Эски замонларда (ҳозирғи Самарқанд бино бўлгандан бурун) Оқ ва Қора дарёларнинг ораларида Добид қишлоғи ўрни, “Суғд” қавмининг маркази бўлуб, “Сўғдиён” деб аталган бир шаҳарнинг борлигини ривоят қилинади”.

Тадқиқотнинг “Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд шаҳри (1363-1405 милодий)” бўлими ўзига хос аҳамиятга эгадир. Олим Амир Темурнинг Мовароуннаҳр тахтига ўтирмасдан олдинги даврда шаҳарнинг ижтимоий – иқтисодий аҳволи тўғрисида, муғуллар ҳукмронлиги даврида унинг тушкунликка учраганлиги, кейинчалик буюк соҳибқирон тарих саҳнасига чиққач, шаҳарни деярли қайта қуриб, обод қилганлиги, ўзининг қароргоҳи бўлган машҳур Кўксарой ва Бўстонсарой, Шаҳрисабзда Оқсаройни бино этганлигини фахр билан тилга олади.

“Бу кунгача қолган асар ва аломатларга кўра Темур ва темурийлар даврида Самарқанд шаҳрининг девори қуйидагича тортилган эди: Ҳозир Хайробод дарвозаси аталган ўрундан кунботар томонга чўзулуб, тупроқ қўрғон ва булварни ичига олғани ҳолда, жануб томондан Хўжа Аҳрор ва Сузангарон дарвозалари, кунчиқар томондан Қаландархона дарвозаси орқали ўтуб, чашма бўйи билан Шоҳи зинда боғининг жанубдаги бурж устидан чўзулуб, Хоним мадрасасини ичига олиб, Кўшшихона орқали Ҳайробод дарвозасига етишган эди”. Мўғуллар босқини давомида бутунлай вайрон этилган Самарқанд шаҳри соҳибқирон даврида ўзининг қадимги ўрнидан жануброқда қайта қурилади. С.Айнийнинг айтишича, Амир Темур томонидан шаҳар теварагида Пойқабоқ (Ҳайробод), Бухоро, Коризгоҳ, Сузангарон, Фируза (Қаландархона), Дарвозаи Оҳанин каби номлар билан юритувчи олтита дарвоза қурилиб, мустаҳкам янги қалъалар билан ўраб чиқилади.

Тарихчи олим, “Самарқанд шаҳрининг эски ва тарихий бинолари” бўлимида ёзишича, Амир Темур томонидан ва унинг раҳнамолигида Самарқандда кўплаб ҳашаматли иморатлар, Бибихоним, Рухобод (“Рух макони”) ёдгорликлари ва бошқа саройлар, мадрасалар, масжидлар қурилиб, боғлар барпо этилганлигини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” ва Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарларида келтирилган маълумотлар асосида тасдиқлаб ўтади. “Боғи Шамол, Боғи Фируза, Боғи Чинорон, Боғи Нақши жаҳон, Боғи Дилкушо Темурнинг машҳур боғларидан бўлуб, аркда солдирғон Кўксаройи ҳам Бобир Мирзонинг муболағалиқ (муболағасиз) мақташига ҳақ қозонгандир”.

С.Айний Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолиятини юқори баҳолаб у томонидан Самарқанд, Шаҳрисабз, Туркистонда қурилган монументал обидаларнинг беназирлигини, ундан кейин мусулмон шарқида булар даражасидаги бадиий мукаммал бинолар қурилмаганлигини алоҳида таъкидлайди. Бибихоним масжиди эса Амир Темур шон-шуҳратининг чўққиси сифатида эътироф этилади. “Темурнинг катта иморатларидан бири, Хоним меъморий ёдгорлигидирким бугунгача харобаси кўзларни қамаштиради, Хоним масжиди 801 ҳижрийда (1399) бошланиб, 806 ҳижрийда (1405) битди. Бу бинонинг ичидаги айвонлари пишиқ ғишт билан ёпилиб, мармар тошдан йўнилган 80 устун устига солинган эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ривоятига кўра, бу бинонинг тошларини Ҳиндистондан келтирилган сангтарошлар йўнганлар. Шоҳи зинда мозоридағи бутун дунё кўзини ўз нафасатиға тортган кошинкорлик гумбазлар Темур замонида солингандир”.

Шунингдек, адиб Амир Темурнинг суюкли набираси Мирзо Улуғбек томонидан Самарқанд ва Бухорода бино қилинган муҳташам биноларни ҳам санаб ўтади. Адиб “Улуғбек расадхонаси” номли мақоласида, ўз даврида машҳур астраномия мактабини яратган Мирзо Улуғбек давридаги илм-фан тараққиёти, унинг атрофида буюк олимларнинг фаолият кўрсатганлиги, 1424 – 1428 йилларда қурилган расадхона, унинг тарихи ва илмий фаолияти, Мирзо Улуғбек Амир Темурнинг муносиб давомчиси сифатида илм-фан аҳлига ғамхўрлик қилганлиги ва бошқалар тўғрисида муҳим маълумотлар беради.

“Эски осорлар. Чил устун, Кўксарой, Чиннихона ва Кўктош” тадқиқотида эса Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд шаҳрининг ҳар жиҳатдан ривожланганлиги, Чил устун, Чиннихона, Кўксарой ва Кўктош каби ўз даврининг машҳур ёдгорликлари қурилганлигини айтади. Амир Темур Самарқанд шаҳрини ўз давлатининг пойтахти этиб белгилаганидан кейин Мовароуннаҳр ўлкаси ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан гуллаб– яшнаганлигини эътироф этади. Муаллиф “Чиннихона” меъморий обидаси тўғрисида шундай ёзади:

“Хитой (Чин) ўлкасига махсус киши юборилиб, ушбу чиннилар келтирилган ва бу иморатга сарф қилинган эди. Шунинг учун ушбу иморат “Чиннихона” деб аталган эди. Ҳозирда Чил устун ва Чиннихонадан ҳеч бир асар қолмагандир. Фақат 1914-1915 йилларда тасодиф ковланганда, бу ерлардан катта тош парчаларининг чиққанлиги, бу ерлик кимсалар томонидан ривоят қилинмоқда. Кўксарой – бу иморат Самарқанднинг аркида (ўрда – ҳозирги Тупроққўрғон) бўлиб, Амир Темур томонидан солинган тўрт ошёна (тўрт қаватлиқ) юксак бир бино эди. Кўктош ҳозирғи замонамизгача Самарқанднинг қўрғонида саломат қолган катта бир тошдир”.

Темурийлар даврида эл – юртда обрў – эътибор топган мўътабар дин арбобларининг мақбаралари ҳам қурилган. Самарқанддаги Шайх Нуриддин Басир ва Шайх Бурҳониддин Сағажи мақбаралари шулар жумласидан. Биринчиси сўфийлик оқими вакили бўлиб, кўпроқ Қутби – Чохардаҳум, яъни 14-қутб (суфийликдаги диний унвон) номи билан машҳур бўлган Шайх Нуриддин Басир мақбарасидир. Айнийнинг “Қутби чохардаҳумнинг кўриниши” мақоласида Амир Темур томонидан Шайх Нуриддин Басир қабри устига мақбара қурилганлиги, унинг атрофи обод қилинганлигини айтиб, муаллиф “Амир Темур ўз ҳукумати замонида Шайх Нуриддин Басирга ҳурмати ва эътибори юзасидан унинг мозорини арк қўрғони ичида олган, ҳам қабри устида юксак бир гумбаз ясатиб, гумбаз устидан олтиндан қубба қўйдуриб ўтқузғондир”.

Муаллифнинг фикрича, Шайх Нуриддин Басир Тошкентда туғилиб, кейинчалик Самарқандга кўчиб ўтган ва шу ерда дафн этилган. “Шайх Нуриддин Басир Самарқанддаги Кўкмачит маҳалласида ўлуб, шу маҳалланинг ёвуқларидан оқадиган “жўйи чашмайи Навадон” (“Навадон булоғи ариғи”) бўйида Самарқанд аркининг (ҳозирғи Тупроққўрғон) кунчиқар қирғоғида кўмилгандир”.

С.Айнийнинг ёзишича, Амир Темур ўз даврининг машҳур муридларидан бўлган Шайх Бурҳониддин Сағажи вафотидан сўнг унинг мақбарасини қуришга фармойиш беради. Бу мақбара Рухобод номи билан аталган. Ўрта Осиё меъморий обидаларининг моҳир тадқиқотчиси, тарихчи олима Г.А. Пугаченкованинг қайд этишича, Рухобод номи билан машҳур бўлган ушбу мақбара бир хонали, гумбазли ҳашаматли ғиштин бино бўлиб, мурабба тарҳли, унинг чархи гумбазида дарчалар ишланган. Бош тарзидаги равоқсимон дарвозахона ўйма-қўйма парчинлар билан қопланган. “Шуниси эътиборга сазоворки, бир-бирида анча масофада қурилган учта ҳашаматли мақбара – Қутби-Чохардаҳум, Рухобод ва Гўри Амир бир-бирига ўхшашдир. Уларнинг гумбазлари Самарқандда сероб бўлган кўм-кўк дарахтлар оша қад кўтариб турибди”.

Садриддин Айний Ўзбекистондаги тарихчи олимлар қаторида Амир Темур шахсига, унинг бунёдкорлик ва давлатни бошқариш соҳасидаги маҳоратига, тарихий хизматларига холисона баҳо беради.

Фаррух ТЕМИРОВ,

Бухоро давлат университети доценти,

тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер