Темирни тилга киритган уста

12:02 07 Март 2025 Жамият
289 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Косон тумани марказидаги Ширинобод маҳалласида мўъжазгина темирчилик устахонаси бор. У 1991 йилда косонлик машҳур темирчиларнинг учинчи авлод вакили Ниёзқул Ҳамроев томонидан қурилиб, ишга туширилган. Ўтган йиллар мобайнида туман маркази таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Ниёзқул бобонинг устахонасида ҳеч нарса ўзгармаган: асосий жиҳозлар ва иш қуроллари ҳамон ўчоқ, қўра, супа, чўпкунда, сандон, босқон, болға, омбур, эгов, чарх ва шу каби бир нечта буюмлар.

Бу йил 75 ёшни қаршилаган уста темирчи Ниёзқул Ҳамроев шогирдларини ёнига олиб, доимо иш билан банд.

— Бобом уста Саттор бутун умр темирчилик билан шуғулланган — дейди Ниёзқул бобо. – Бу ҳунарни бобомдан ўрганганман. Мактабни тамомлаб пайвандчиликка ўқидим. Бир муддат колхозда ишладим. Ўттиз тўрт йилдан буён сулоламиз ҳунарини давом эттириб келяпман. Шу ҳунар ортидан фарзандларимни тарбиялаб, уйли-жойли қилдим. Обрў-эътибор топдим. Элликка яқин шогирдлар тайёрладим. Уларнинг кўпчилиги мустақил равишда ишни давом эттирмоқда. Ҳозир ҳам ёнимда бир нечта шогирдларим бор. Шу кичкина устахонамизга кўплаб машҳур инсонлар келиб, буюмлар харид қилган.

Бир неча йил аввал Қўқон шаҳрида ўтказилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасида қатнашдим. У ерга олиб борган буюмларим орасида тўрт дона қўлда ясалган темир қулф ҳам бор эди. Белоруслик бир сайёҳ ажабланиб, унинг нималигини сўради. Тушунтириб берганимдан сўнг “Шуни менга сот” деб туриб олди. Кейин бир араб йигит қолган учта қулфни ҳам сотиб олди.

Ишлаб чиқариш технологиялар юқори даражада ривожланган бугунги кунда қўл меҳнати билан кўп вақт ва катта куч сарфлаб ясалган буюмларга эҳтиёж қолмагандек туюлади. Ниёзқул бобо Ҳамроев эса аксинча, қўлда ясалган темирчилик буюмларига талаб янада ортиб бораётганини айтади.

Устанинг айтишича, темирнинг оловда маромида тоблаб, сандонда болға дамини еб, керакли шаклга кирганини, етарлича силлиқланганини кўзингиз кўриб, қўлингиз ҳис этмаса, у буюмнинг мустаҳкам бўлиши қийин. Мўъжазгина устахонанинг ўзида юздан ортиқ тур ва ўлчамдаги буюмлар тайёрланади. Аксарият буюмлар мижознинг талабига кўра у айтган шакл ва ўлчамда ясаб берилади. Тўрт-бешта қолип билан бу ишни уддалаб бўлмайди.

Темирчилик буюмларига талаб ҳеч қачон йўқолмайди. Бу ҳунар яна асрларни асрларга улаб давом этаверади. Фақат темирчи ҳам бироз тадбиркор бўлса, бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот тайёрласа даромади янада ошади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер