Темир-терсаклар ичидаги «номаълум гўзал»
Темир-терсаклар ичидаги ноёб санъат асари кишини машҳур музейлардагидан-да кўпроқ ром этар экан. Ҳайратга солар экан, гўё саҳрода лола очилгандек мўъжиза мисоли. Зеро, гўзал асар жой танламайди, у мисли олтину дурки, оддий қоғоздаги тасвир бўлса-да, ҳар қандай нигоҳни бўйсундиради, ўзига қаратади.
... Нодир Жабаралиев автоуста. Устахонаси деворида Иван Крамскийнинг «Номаълум гўзал» картинаси осиғлиқ. Сурат фотонусха, аммо у вақт ўтган сари антикварга айланиб бораётир. Негаки, босмадан 1975 йилда чиққан. Муҳими, фотода ҳам картина қаҳрамони аслидагидек бор жозибаси, малоҳати, дарди ва қувончи билан, гоҳ савол, гоҳ паришонлик, ғурур, синчиклаб қаралса андак мунг аломатлари акс этган нигоҳи билан мастонавор термулиб турибди.
Гарчи Нодир санъатшунос эмас, оддий автомобиль устаси бўлса-дарасмдаги ана шу яширин ва ошкора руҳиятни сезади. Ҳатто унинг яратилиш тарихини ҳам йилма йил, сўзма сўз айтиб беради.
— Бу сурат менга жуда қадрдон, — дейди у. — Уни тасвирий санъат асарларига қизиқишимни кўриб, мижозим, кўп йиллик қадрдон акахоним Анатолий Василевич Хван совға қилган,«Оқ қайинлар» деган сурат билан бирга, «Мендан сенга эсдалик бўлиб қолсин» деб.У киши ўтган йили оламдан ўтди. Яхши инсон эди. Мижозларим келиб, картина ҳақида сўз очишса, албатта Василий акани ҳам эслаб қўяман.
...Нодир Жабаралиев Гулистон шаҳридаги Дўстлик маҳалласида жойлашган устахонасида энг мураккаб таъмир - мотор созлаш билан банд: «тақ-тўқ» Икки суратдан иборат галереясида ҳам оддий ҳаётнинг сирли ва мураккаб манзаралари – бир томондан оқ қайинзор шовуллаши ва бошқа ёқдан номаълум гўзалнинг сўзлари эшитилгандек бўлади: «Мен кимман... биласизми?» . Ва аниқки, бу саволнинг жавоби асрлар оша «Номаълум гўзал» бўлиб қолаверади.Бинобарин асарнинг қимматию мафтункорлиги ҳам, шунда.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг