«Темир йўл маликаси — 2020» аниқланди
Аёл – тилсим. Аёл – она, аёл – тарбиячи, аёл – устоз, аёл – рафиқа, аёл – раҳбар, аёл – ишчи. Аёл – гўзаллик ва нафосат тимсоли. Аёл – малика.

«Ўзбекистон темир йўллари» тизимида мана уч йилдирки «Темир йўл маликаси» кўрик танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда. Танловнинг асосий мақсади тизимда фаолият юритаётган ёш хотин-қизларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик, юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, касбий билимлари ва иқтидорларини юзага чиқариш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.
Кўрик танловнинг ҳудудларда ўтказилган бу йилги саралаш босқичи ғолиблари бўлган 7 нафар иштирокчилари финалда ўзаро беллашди. Шартлар орқали қизларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, гендер тенглик масалалари юзасидан билимлари синовдан ўтказилди. Зарур ҳолларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги билимлари қай даражада эканлиги тегишли шарт доирасида ўрганилди.

— Бугунги кунда республикамизда хотин-қизларга катта эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорию истеъдодини рағбатлантириш учун барча шароитлар яратилмоқда, — дейди танлов ташкилотчиси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Етакчилар Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Оқил Садриддинов. — Темир йўллар тизимида ҳам ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, касбий билим ва салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган мазкур танлов тизимдаги кўплаб қизларимизни ўз атрофига бирлаштира олди. Унда нафақат жамоада ўз ишининг устаси бўлиш, балки оилада аёлнинг ўрни қандай бўлиши,унинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти хусусида ҳам мавзулар қамраб олинган. Танлов ўзига хос ибрат ва намуна мактаби, аслида.

Якунда 1-ўринни «Бухоро МТУ» унитар корхонаси Бухоро электр билан таъминлаш дистанцияси техниги Мафтуна Олимова, 2-ўринни «Қўнғирот МТУ» УК Қўнғирот локомотив депоси маршутларни ҳисобга олиш оператори Дилноза Таирова, 3-ўринни «Йўлрефтранс» АЖда ҳарбийга алоқадор шахсларни бронлаш ва ҳисобга олиш инспектори Мухтасар Акрамова қўлга киритди.
7 нафар иштирокчининг барчаси темир йўл тизими раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг