Темир йўл хизматидан нега йўловчилар норози?

17:08 19 Август 2024 Жамият
483 0

Аччиқ, аммо очиқ гап

Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда темир йўл хизмати бўйича яхлит тизим жорий этилиб, ички туризмни ривожлантириш борасида қулай инфратузилма яратилди. Ҳозирда Фарғона водийсидан юртимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, тарихий шаҳарларимизга доимий поезд қатновлари йўлга қўйилган.

Ёз мавсуми саёҳат учун жуда қулай. Ушбу даврда арзон ва хавфсиз транспорт воситаси сифатида темир йўл хизматига талаб ортади. Бу хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини юксак даражада ташкил этишни тақозо этади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудларда меҳнат жамоалари учун пойтахтимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этиш анъанага айланган, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши бўлим мудири Ғанишер Пайзиев. — Шу мақсадда, навбати билан ўртача 50 нафардан шакллантириладиган гуруҳ учун саёҳатга камида беш кун олдин чипта сотиб олинади.

Аммо баъзи ҳолларда олинган темир йўл чипталари сайёҳларнинг иш фаолияти, соғлиғи, оилавий заруриятига кўра бора олмаслиги сабабидан бошқа сайёҳ билан алмаштиришга фақатгина темир йўл кассалари орқали рухсат берилади. Натижада, чиптани тиғиз вақтда амалга ошириш талабига имконият етишмаслиги ёки замонавий онлайн хизматлар талаб даражасида эмаслиги турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, сафар давомида ўзгартирилган ва ўриндошлик асосида юборилган сайёҳларни темир йўл масъул ходимлари поезддан тушириб юборишга ҳаракат қилади. Бу қонуний талаб бўлса ҳам турли дилхираликка олиб келиши тайин. Чунки у гуруҳдаги бошқа сайёҳларнинг ҳамкасби, ҳаётий зарурат туфайли бошқа бир шеригининг ўрнига йўлга чиқди. Масъуллар буни тушунишни истамаслиги сабабли саёҳатга отланган 50 нафар йўловчида, ташкилотчиларда асаббузарлик бўлади. Наҳотки, бу борада алмисоқдан қолган эски тартибларни ўзгартириш қийин?!

Дарҳақиқат, айнан ёз фасли билан боғлиқ яна бир жиҳатни айтиб ўтмасак бўлмайди. Поезднинг умумий фойдаланишдаги вагонларида узоқ йўлларда куннинг иссиқ ҳароратида юриш ҳаддан зиёд қийинчиликларни келтириб чиқаради. Чунки вагонларда совитиш тизимининг бир маромда ишлаши муаммо. Шу боис йўлда бундай жазирамада ёши улуғ, соғлиғи билан муаммоси бор сайёҳлар тугул соғлом одамни ҳам тоби қочиб қолиши ҳеч гап эмас. Айни жиҳатларни инобатга олиб, ёзда саёҳатга соғлом, 40 ёшгача бўлган қатламни юборишга мажбур бўлмоқдамиз. Албатта, бу каби омиллар ички туризм ривожига салбий таъсир кўрсатади.

Ўз навбатида, поезд кузатувчиларининг муомала маданияти, хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермайди. Ҳар қалай ўзимиз кўникканмиз, уларнинг дағал ва зардали хизматидан баъзан хорижлик сайёҳлар олдида уялади одам. Вагонда ҳамиша чой ёки қайнатилган сув топиш мушкул. Бекатларда ёки вагонда сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ҳеч қандай кафолат йўқ. Шундай бўлсада, йўловчилар баъзан сотувчилардан бундай маҳсулотларни бозор нархидан қимматига сотиб олишга мажбур. Вагондаги ресторан-кафедаги нархлар янада қиммат.

Мақсад туризмни ривожлантириш экан, темир йўл хизмати ислоҳ қилинишга муҳтож. Бу борада, ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган эътирозларни ўқиб, темир йўл хизмати билан боғлиқ муаммо кўпчилик ҳамюртларимизнинг «бош оғриғи» эканини яққол ҳис этиш мумкин.

Халқимизда биринчи таассурот алдамайди, деган яхши бир гап бор. Хорижлик ёки маҳаллий сайёҳ бўлсин, мазкур хизматдан фойдаланганда хотирасида қолган жиҳатлар ҳеч қачон эсидан чиқмайди. Темир йўл соҳаси мутасаддилари буни асло унутмаслиги зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер