«Темир дафтар»дан тадбиркорликкача…

15:22 28 Март 2023 Жамият
603 0

Фото: Халқ сўзи

Халқимиз орасида балиқ эмас, қармоқ беринг, деган гап бор. Шунда у нафақат, ўзини, балки ўзгаларни ҳам боқади. Марҳамат туманидаги «Оқбош» маҳалласида истиқомат қилувчи Сабоҳатхон Мадумарова фаолияти билан танишар эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим.

— Қишлоғимизда ишлаб чиқариш корхоналари бўлмаганлиги, туман марказидан бироз олисдалиги боис аксарият хотин-қизларимиз уй муҳитига боғланиб қолган, — дейди маҳалла фаоли Ўғилой Мамасолиева. — Сабоҳатхон ҳали қуриб битказилмаган ҳовли-жойга кўчиб чиққани, уч нафар фарзандлари ҳали ёшлиги, турмуш ўртоғи ҳам ишсизлиги сабаб «Темир дафтар»даги аёллар сафидан жой олган. Ўзи ҳаракатчан, тиришқоқ бўлгани боис тез орада нафақат ўзини, балки, қўшниларини ҳам даромадли қила бошлади.

Сабоҳатхоннинг турмуш ўртоғи даромад топиш учун Россия давлатига кетгач, аёл ҳам тирикчилик учун ҳаракат қилишни ихтиёр этган. Ахир, турмуш ўртоғининг топган пулини рўзғорга сарфлайверса, уйи қачон битади?.. Бироқ, уч нафар бола билан уйдан ҳам ташқарига чиқа олмайди-ку?..

Ана шундай ўй-хаёллар гирдобида қолган аёл бир куни ижтимоий тармоқ орқали сунъий гул ясаш услубини кўриб қолди. Уқувли эмасми, уни амалда қўллаб кўришни хоҳлади. Керакли ашёларни топгач, бир уринишда сувенир гул ясади. Қувонарлиси шундаки, ўрганиш учун ясалган биринчи маҳсулотга харидор ҳам топилиб қолди. Бу унинг иккинчи маҳсулотни тайёрлашига сабаб бўлди. Шу тариқа ижтимоий тармоқ орқали сабоқ ола бошлаган Сабоҳатхоннинг уйи сунъий гулдасталарга тўлиб кетди. Онлайн машғулотлардан олган сабоғи бефойда кетмагач, аёлни иккинчи савол қийнай бошлади. Шунча маҳсулотни кимга сотади? Бунинг ечимини ҳам ижтимоий тармоқдан топди. Телеграмда махсус гуруҳ очиб, маҳсулотини тарғиб қила бошлади. Қарабсизки, кундан-кунга қизиқувчилар сони ҳам ортди. Ҳар бир ишнинг уддасидан чиқувчи аёл маҳсулотни харидорларга элтиб бериш учун ҳайдовчилар хизматидан фойдалана бошлади. Шу тариқа у республикамизнинг деярли барча вилоятларида савдо айланмасини ташкил этди.

— Бу мен учун энг қулай иш бўлди, — дейди Сабоҳатхон Мадумарова биз билан суҳбатда. — Уйдан чиқмаган ҳолда даромад топмоқдаман. Ҳатто хомашёга ҳам ижтимоий тармоқ орқали буюртма бераман. Харидорлар шу қадар кўпки, буюртмаларни бир ўзим тайёрлашга улгурмай қолдим. Шундан сўнг шогирд олишга қарор қилдим. Ҳозирда тўрт-беш нафар ҳамқишлоқларим биргаликда сунъий гул ва бошқа совғалар тайёрлаш билан бандмиз.

Бундан уч йил муқаддам иш бошлаган аёл бугунга келиб 30 нафардан зиёд шогирдларга ўз ҳунарини ўргатди. Бунинг учун ойига 300 минг сўмлик тўлов асосидаги машғулот дастурини ишлаб чиқди. 20 минг сўмдан 1 млн 200 минг сўмгача бўлган маҳсулотларига олдиндан буюртмалар мавжуд. Ҳар ойда ўртача 2 млн сўм соф даромад ишлаб топмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, эплаганга элакда сув. Уйдан чиқмаган ҳолда даромад ишлаб топишнинг сирини ўзлаштирибгина қолмай, ўзгаларни ҳам шунга ундаётган Сабоҳатхоннинг фаолияти бунга мисолдир.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер