“Телеграм” мессенжерида сохта телефон сотувчисининг қилмишлари фош этилди
Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманида яшовчи 22 ёшли (аёл) З.Б. мурожаат қилиб, ўз аризасида “Телеграм” мессенжерида “номаълум шахс” унга арзон нархда телефон сотишини айтиб, олдиндан 6.200.000 сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўтказиб олганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Фарғона вилояти, Бувайда туманида яшовчи 21 ёшли М.М. содир этганлиги аниқланди.
Унга кўра, М.М., З.Б. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, унга 2 дона “Iphone XS MAX” русумли телефон қурилмасини сотмоқчи эканлигини, аслида телефонлар қиммат туришини, аммо пул зарурлигидан сотмоқчи бўлаётганлигини айтиб, ишончига кириш орқали, олдиндан 6.200.000 сўм пулларини ўзининг банк картасига ўтказдириб олиб, келишилган телефон қурилмаларини бермасдан ёзишмаларни ўчириб юбориб, З.Б.нинг “Телеграм” профилини блоклаб қўйганлигини маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан М.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, М.М.га содир этган жиноий ҳаракатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг