Telegram баҳоси пасайгани сабабли Павел Дуровнинг бойлиги бир йилда 60 фоизга камайди
Мутахассислар тадбиркор капиталининг кескин камайишини технологик сектордаги умумий пасайиш ва Telegram қийматининг қайта баҳоланиши билан изоҳламоқдалар. Экспертлар мессенжер қийматини ҳисоблашда унинг тўғридан-тўғри рақобатчиси — Американинг SnapChat платформаси кўрсаткичларидан фойдаланишган.
Telegram аудиторияси 1 миллиард фойдаланувчидан ошганига қарамай, компаниянинг молиявий натижалари босим остида қолмоқда. Йиллик тушум 2 миллиард доллар миқдорида бўлиши прогноз қилиняпти, шу билан бирга, ўтган йилнинг фақат биринчи ярмида соф зарар 222 миллион долларни ташкил этган.
Қарз мажбуриятлари қўшимча молиявий юкка айланди. 2026 йил 22 мартга қадар Павел Дуров облигация эгаларига қарийб 1,1 миллиард доллар тўлаши керак. Аввалроқ қарзларнинг бир қисмини ёпиш учун 1,7 миллиард долларлик янги қимматли қоғозлар 9 фоизли даромад ставкаси билан жойлаштирилган эди, бу эса инвесторлар учун хавф (риск) ортганидан далолат беради.
Таҳлилчиларнинг фикрича, яқин истиқболда компания акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) ўтказиш эҳтимоли паст. Бу сервиснинг Россия ва Эрон каби асосий бозорларда блокланиши, шунингдек, компаниянинг ҳозирги бозор қиймати раҳбарият кутганидан анча паст бўлиб чиққани билан боғлиқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг