“Телефонингиздан қўнғироқ қилиб олсам, майлими?”
Ушбу савол билан мурожаат қилиш ҳолати деярли ҳаётимизда учраб турадиган ҳодиса, шундай эмасми? Энди тасаввур қилинг, сиз йўлда кетяпсиз. Қаршингиздан бир йигит чиқади-да, “Ака, телефонингиздан қўнғироқ қилиб олсам, майлими?”, - дея юзланади. Сиз иккиланмай телефонингизни тутқазасиз. У эса кимгадир телефон қилиб, алланималарни гаплашганча нари кета бошлайди ва олислайди. Ортидан борасиз, телефонни қайтаришини сўрайсиз.
-Телефон? Қанақа телефон? - ҳайрат ила боқади у сизга.
-Ҳозиргина телефонимни сўрадингиз, бердим-ку!
Йигит эса кулимсираганча, яна ҳайратланади:
-Ҳазиллашяпсизми? Мен нега сиздан телефон сўрар эканман, ахир ўзимнинг телефоним бор. Мана кўринг, ишонмасангиз. Истасангиз чўнтагимни ковлаб кўрингчи, телефонингиз мендамикин?
Сиз эса ростдан ҳам унинг ёнидан ҳозиргина берган телефонингизни топа олмайсиз. Нима қиласиз? Урасизми, тепасизми, нима қилсангиз ҳам телефонингиз унда йўқ! Айнан у олганлигини қандай исботлай оласиз? Гувоҳингиз борми? Йўқ!
Ачинарли ҳолат, шундайми? Бироқ, бу андижонлик Ўктам Шаропов (исм-шарифлар ўзгартирилган) учун ҳеч ҳам ачинарли эмас, аксинча, даромадли иш.
Ўктам Шаропов гарчи муқаддам икки маротаба судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўрнини топиш ўрнига ўзгалар мулкини ўзлаштириш орқали тирикчилик қилишни касб этди. Бунинг учун атрофига яна уч кишини чорлади. Шу тариқа Маъруф Иномов, Гулчеҳра Сулаймонова ҳамда Анвар Ҳикматов унинг жиноий шерикларига айландилар. Жиноий ҳаракатлари учун жуда содда режа тузишди: одамлар ҳаракати сийрак жойга боришади. Шунда Ўктам кимнингдир телефонини сўраб олади. Бошқа биров билан телефонда гаплашаётган бўлади ва мулк эгасидан бироз узоқлашади. Шунда қаршиларидан гўё бегона йўловчилардек Маъруф билан Гулчеҳра келади. Улар Ўктамнинг ёнидан суҳбатлашганча, ўтиб кетадилар. Айнан шу пайтда Ўктам қўлидаги ўзганинг телефонини уларга беради. Сўнг Маъруф билан Гулчеҳра Анвар бошқарувидаги “Матиз” автомашинасига бориб ўтирадилар. Ўктам келган заҳоти, манзилдан Андижон шаҳри сари йўл оладилар.
-Улар шу тариқа бир неча фуқаронинг телефон воситасини ўзлаштиришга улгурган, -дейди Андижон вилоят судининг матбуот хизмати раҳбари Нурилло Нўъмонов. –Қўлга киритган ўлжаларини “Мобиль олам” савдо марказида пуллашиб, маблағни ўзаро тақсимлашган. Ишлари гўёки хамирдан қил суғургандек кетаётган эди. Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади. Уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларига чек қўядиган пайт ҳам келди.
-Жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракати атрофлича ўрганиб чиқилди,-дейди жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди судьяси Озодбек Неъматиллаев. –Барчаси қонун доирасида таҳлил қилинди. Судланувчилар қилмишига иқрор бўлдилар. Суд ҳукмига биноан Ўктам Шаропов 4 йил озодликдан маҳрум этилди. Жиноий шериклари ҳам тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.
Бу дунёда ким нимани экса, шуни ўради. Келинг, экканимиз буғдой бўлсину йиққанимиз дон бўлсин! Ҳар ҳолда ҳалол меҳнат ортидан кўнгил хотиржамлигида яшашга не етсин!
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг