«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун билан савдодаги техник тўсиқлар минимал даражага тушиши оқибатида Европа бозорларига экспорт имкониятлари кўпаяди

14:40 03 Март 2023 Жамият
768 0

Фото: Халқ сўзи

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов маълум қилди.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан савдо-сотиқдаги техник тўсиқларни камайтиришга ёрдам берадиган самарали тартибга солиш чоралари шаклида ишлаб чиқилган техник тартибга солишнинг белгиланган амалиёти тамойиллари ва қоидалари мавжуд. Ҳар бир мамлакатнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва бозорда муомалага чиқаришни миллий тартибга солиш тартиблари бир-биридан фарқ қилади.

Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Миллий сифат инфратузилмасининг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги фаолият турларини институционал ривожлантириш ҳамда соҳадаги мавжуд қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида«ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунлари нормаларини ўз ичига олувчи «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди.

Мазкур Қонун халқаро тажриба жумладан Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Австралия, МДҲ давлатлари қонунчилигидан келиб чиқиб халқаро экспертлар иштирокида тайёрланди.

Халқаро тажрибага кўра, Европа Иттифоқи давлатларида стандартлаштириш, метрология, аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ваколатли органлар ўз вазифаларини белгиланган тартиб-тамоилларга мувофиқ, сифат миллий инфратузилмаси қатнашчилари сифатида амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунини қайта кўриб чиқилишининг асосий мақсадларидан яна бири миллий техник тартибга солиш тизимини, шу жумладан сертификатлаш тартиб-қоидаларини жаҳон савдо ташкилоти Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мувофиқлаштиришдир.

«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни техник регламентларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши ҳамда сертификатлаштириш соҳасида ягона сиёсат учун асос яратади. Мазкур Қонун лойиҳасида:

— мувофиқликни баҳолашнинг мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга ошириш муҳитини яратиш;

— техник регламентларни ишлаб чиқишда, маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолашда халқаро стандартлардан фойдаланган ҳолда зарур бўлган синов ва ўлчов усулларини белгиловчи норматив ҳужжатлар рўйхатини шакллантириш;

— ихтиёрий ва мажбурий стандартларга ўтиш;

— маҳсулотларга қўлланиладиган мажбурий талабларни фақатгина қонунчиликда ва техник регламентларда белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси 8 та боб, 53 та моддадан иборат.

Қонуннинг қўлланилиш соҳаси ҳамда татбиқ этилмайдиган соҳалари аниқ белгиланиши натижасида амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда.

Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизими миллий сифат инфратузилмаси қатнашчиларини ўз ичига олиши белгиланмоқда, яъни маҳсулот хавфсизлигини кетма-кетлик занжири бўйича тўлиқ таъминлаш тизими белгиланмоқда.

Техник регламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қўллаш ва қайта кўриб чиқиш тартиби батафсил баён этилмоқда.

Халқаро амалиётдан келиб чиқиб техник регламентларнинг умумий ва махсус техник регламентлар турларига ажратиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Амалда техник регламентлар техник ҳужжат ҳисоблангани ва унинг нормалари тадбиркорлик субъектлари учун кўп ҳолларда тушунарсиз бўлганлиги сабабли техник регламентни қўллаш тартиби ва қўллаш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиш амалиёти киритилмоқда.

Маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш талаблари техник регламентнинг ўзида белгиланиши, шу билан бирга хавфлилик даражаси пастроқ бўлган маҳсулотлар декларациялаш усулида тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Яъни тадбиркорлик субъектлари (ишлаб чиқарувчи, импортер) маҳсулотини ўзи хавфсизлигини кафолатлаши орқали мувофиқлигини тасдиқлайди. Шу ўринда бозорга чиқараётган маҳсулотининг хавфсизлигига жавобгарлиги ҳам алоҳида модда билан юклатилмоқда.

Назорат қилувчи органлар ўртасида, бозорда муомалада бўлган юқори хавф даражасига эга маҳсулотлар тўғрисида ўзаро ахборот алмашиш имконини берувчи тизим яратилиши белгиланмоқда, бу ўз ўрнида ички бозорни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилади.

Давлат назоратининг «назорат хариди» шакли жорий этилиши ишлаб чиқарувчи ҳамда импортерни бозорга доимий равишда сифатли маҳсулот чиқаришига асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда маҳсулот етказиб берувчилари ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ва сотувчининг фақат хавфсиз маҳсулотларни муомалага чиқариш, маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш мажбуриятлари амалдаги қонунчиликда ўз аксини топмаганлиги сабабли уларнинг маҳсулотни хавфсизлигини таъминлашдаги аниқ мажбуриятлари белгиланмоқда.

Эндиликда техник регламентлар халқаро (минтақавий) стандартлар асосида ишлаб чиқарилиши жорий қилинмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз Халқаро стандартлар талаблари асосида тайёрланса ва синовдан ўтказилса унинг экспорт географиясини кенгайишига хизмат қилади. Савдодаги техник тўсиқлар минимал даражага тушиши оқибатида Европа бозорларига ҳам экспорт имкониятлари кўпаяди.

Қонун талаблари асосида ишлаб чиқиладиган техник регламентлар маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларини белгилаш орқали фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, истеъмолчиларни чалғитадиган ҳаракатларнинг ҳамда савдо-сотиқдаги техник тўсиқларнинг олдини олиш, ички ва ташқи бозорда маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер