ТДЮУ юридик техникумлар фаолиятига кўмаклашади

13:03 21 Август 2020 Жамият
2113 0

25 августдан юртимизнинг барча ҳудудларидаги юридик техникумлар ўқувчилардан ҳужжатларни онлайн қабул қилишни бошлайди. Шундан сўнг абитуриентларни тест синовлари кутмоқда. Ҳар иккала жараённинг максимал равишда очиқ ва шаффоф бўлишига жиддий эътибор қаратилган. Куни кеча юридик техникумлар фаолиятига доир шу ва бошқа ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берди.

Қайд этлишича, видеоконференция форматида ўтган йиғилишда Адлия вазири Русланбек Давлетов, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов, ҳудудий адлия бошқармалари ҳамда юридик техникумлар раҳбарлари иштирок этди.

Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолияти Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ такомиллаштирилмоқда. Шунга кўра эндиликда мазкур таълим муассасаларига қабул тест синовлари асосида амалга оширилади. Таълим эса кредит-модуль тизими бўйича олиб борилади. Бундай ёндашув ўқувчиларга мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш имконини бериб, пировард натижада юридик кадрлар рақобатбардошлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, юридик техникумларда таълим жараёнини сифатли ва самарали ташкил этишда Тошкент давлат юридик университети алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Жумладан, техникумлар учун бугунги кун талабларига мос ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ахборот-ресурс таъминотида университет яқиндан ёрдам беряпти. Йиғилишда ТДЮУ ректори Раҳимжон Ҳакимов бу ҳақда тўхталар экан, олий ўқув юрти жамоаси ўрта маълумотли юридик кадрларни тайёрлаш масаласига бундан кейин ҳам жиддий эътибор қаратишини ҳамда тегишли таълим муассасаларига ўқув-услубий кўмак кўрсатишга доимо шай эканини айтди.

Шу ўринда муҳим қайд: юридик техникумларни муваффақиятли тамомлаган йигит-қизлар Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Бу ҳуқуқшунослик соҳасини эгаллашга маҳкам бел боғлаган ёшлар учун ҳам қўшимча имконият, ҳам рағбат демакдир.

Йиғилишда юридик техникумларда таълим сифатини талаб даражасига етказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бунинг учун, аввало, педагоглар сифат-савиясини ошириш, ўқув жараёнига энг малакали мутахассисларни жалб қилиш зарурлигини урғулади.

– Коррупция, таниш-билишчиликка асло йўл қўйиб бўлмайди! – деди вазир. – Қабулда ишлаётганларга ҳам талабимиз шу! Пора олган ёки таъмагирлик қилган раҳбар ва ходимлар билан дарҳол хайрлашамиз.

Юридик техникумларга ишга қабул қилиш тизими эндиликда шаффоф бўлиши кутилмоқда. Номзодларни махсус комиссия саралайди, улар билан суҳбат жараёни бошидан охиригача онлайн трансляция қилиб борилади. Ўз навбатида, соҳасини мукаммал эгаллаган, ҳалол ва виждонли педагогларни рағбатлантиришга имконият яратилмоқда. Бунга техникумларга табақалаштирилган контракт тўловидан тушган маблағни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи бериш орқали эришилади.

— Ҳозир юридик техникумларда замонавий педагог кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори, — деди Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов. — Чунки таълим сифатига катта талаблар қўйиляпти. Шу нуқтаи назардан мен битирувчиларимиз салоҳиятидан фойдаланишни таклиф қиламан. Сабаби улар кредит-модуль тизими нималигини билади. Демакки, техникумлар фаолиятида жорий қилинаётган янгиликларни қийналмай ўзлаштира олади.

Йиғилишда юридик кадрлар тайёрлайдиган ҳар бир ўрта махсус таълим муассасаси кредит-модуль тизими қандай ишлашини мукаммал тушуниб олиши зарурлиги қайд этилди. Бу бўйича мутахассисларни сертификатлаштириш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан йиғилишнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазал ва таклифлари билан ўртоқлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер