ТДПУ ректори: Коррупцияга қарши кураш халқимизнинг ҳам мақсад ва маслагига айланиши лозим
Бугун мамлакатимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларда асосий ижро этувчи ва ҳаракатлантирувчи куч бу етук ва малакали кадрлардир. Афсуски бу ҳаракатлантирувчи кучнинг негизини ташкил қилувчи ёш кадрлар ўзларига юклатилган масъулиятни етарлича оқлай олмаяпти, Президентимиз ва халқимиз кутаётган натижа бўлмаяпти. Президентимиз ва ҳукумат томонидан қабул қилинган қатор Фармон ва қарорларда, жумладан яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорида олий таълим муассасаларининг истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб берилган.
ОЎМТВнинг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида муҳокама қилинган олий таълим тизимида коррупция ҳолатларини бартараф этиш масаласи ривожланишга тўсқинлик қилувчи бу иллатга қаратилган фавқулодда муҳим масала ҳисобланади. Зеро, олий таълим ёшларни тамагирликка эмас, замонавий билим ва касбларни эгаллашга тайёрламоғи лозим. Мажлисда ҳаққоний ташкилий чоралар кўрилгани, бу каби қарор тўғри хулоса чиқармаган ҳар бир масъулга нисбатан қабул қилиниши барчамиз тўғри англаб етишимиз лозим.
Лекин ҳали ҳам орамизда, жамиятнинг етакчи қатлами бўлган олий таълимда эскича фикрловчи, бугунги ўзгаришлардан хулоса қилмайдиган инсонларнинг кам эмаслиги ташвишли ҳолатдир. Биз бу иллатни йўқотишнинг энг таъсирчан омили бу муассасада соғлом муҳитни шакллантиришдан иборат деб биламиз. Жамоанинг ҳар бир аъзоси бефарқликдан ҳоли бўлиб, республикамизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга хиёнат қилаётганларга қарши курашда фаол бўлишига, коррупцияга ўрин қолмайдиган шаффоф муҳит яратилишига эришмоғимиз лозим.
Бу борада Тошкент давлат педагогика университетида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган йўл харитаси ижроси бўйича тизимли амалий ишларга киришилган. Бу борада университет фаоллари, касаба уюшмаси, фаол талабалар, ота-оналар вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши барча қатламлар вакиллари манфаатларини бирдек ҳимоя қилувчи муҳим таъсир кучига айланмоқда.
Университетда коррупциянинг олдини олишнинг асосий омили барча жараёнларда шаффофлик ва адолатни таъминлашдир. Тошкент давлат педагогика университетида SMART университет модели асосида ахборот тизимларининг жорий этилиши ўқув жараёнини ташкил қилиш ва баҳолашда самарадорликни таъминлашнинг асосий омили бўлмоқда. Таълим муассасасида давоматдан тортиб, баҳолаш жараёнларининг барчаси автоматлаштирилган бўлиб, ушбу электрон тизимни бирор манфаат эвазига ўзгартиришнинг имкони йўқ.
Шу ўринда, таълимда коррупцияга қарши кураш масаласи нафақат ҳукумат, таълим муассасаси раҳбариятининг вазифаси, балки халқимизнинг ҳам мақсад ва маслагига айланиши лозимлигини таъкидламоқчиман. Таълимда кузатилгани бу каби иллатлар фақатгина тизимнинг эмас, бутун мамлакат, халқ келажагининг кушандасига айланиши мумкин. Шуни назарда тутган ҳолда, халқимиздан ўз фарзандларини қизиқиши, лайоқатини ҳисобга олиб, ўзлари муносиб бўлган соҳага йўналтиришларини сўраймиз. Талабаларнинг олий таълим муассасаларига шунчаки диплом учун ёки келажакда даромадлироқ соҳада фаолият юритиши учун эмас, ўзи шу касбни эгаллашни астойдил хоҳлагани туфайли ўқишга киришлари соҳада коррупциянинг йўқолишида асосий фактор бўлиб хизмат қилади. Биз бугун мажбурлаб юрист ёки педагог қилаётган фарзандимиз келажагини ўзи танласа ва мустақил қарор қилса мамлакатимизда юзага келаётган кадрлар танқислиги масаласига ҳам ўз-ўзидан ечим топилади. Ахир, жамиятимизга яхши тикувчилар, меъмор қурувчилар, қўли гул боғбонлару, пазанда ошпазлар ҳам керак. Олий маълумотни берувчи диплом асл эгаларининг қўлидагина мўъжизалар яратиши мумкин. Олий таълим тизимига тасодифан келиб қолган педагоглар ҳамда танлаган касбига меҳр қўймаган ва диплом учун ўқийдиган талабалар туфайли таълим муассасаларида коррупция ҳолатлари авж олади.
Ҳар бир мамлакатнинг келажаги, тараққиёти ўша мамлакат ёшларига қандай таълим ва тарбия берилишига боғлиқ. Бу борада олий таълим соҳасида фаолият юритадиган раҳбар ходимлар ва профессор - ўқитувчилар олий таълимни коррупциясиз соҳага айлантиришда шахсий намуна бўлишга интилишлари лозим.
Шавкат ШАРИПОВ,
Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика университети ректори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг