Ташқи иқтисодий фаолиятда шаффофлик таъминланмоқда

13:32 26 Январь 2023 Жамият
892 0

Фото: Халқ сўзи

«Навоийуран» уран оксиди ва аммоний перренати тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва юз фоиз экспорт қилувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Демакки, вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорлик ушбу давлат корхонаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири, десак янглишмаймиз.

Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги «2022 — 2030 йилларда «Навоий уран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан белгиланган экспорт кўрсаткичларини бажариш учун 2022-2026 йиллар давомида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган табиий уран ҳажмлари Япониянинг “Itochu” ва “Marubeni” компанияларига, Канаданинг “Cameco” ва унинг шўба корхонаси бўлган АҚШдаги “Nukem” компанияларига, Ҳиндистоннинг Атом энергетикаси департаментига ҳамда Жанубий Кореянинг “KHNP” компаниясига экспорт қилиниши бўйича тегишли шартномалар имзоланган.

Мазкур шартномаларга кўра «Навоий уран»нинг божхона юкларини расмийлаштириш «Божхона юкларини декларациялаш ва сертификатлаштириш хизмати» мутахассислари томонидан электрон тарзда амалга оширилади.

— Ушбу хизматнинг асосий вазифаси импорт ва экспорт товар маҳсулотларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш, яъни тегишли сертификатларни олиш, иштирокчи корхона томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан маҳсулотлар учун ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодларини аниқлаш ҳамда импорт қилинадиган маҳсулотларнинг расмийлаштируви учун тўланадиган божхона тўловлари бўйича хулосалар бериш ҳисобланади, — дейди «Навоийуран» ДК божхона юкларини декларациялаш ва сертификатлаштириш хизмати бошлиғи Ҳасан Мухторов. — Ушбу соддалаштирилган тизим ва тезкор амалга оширилаётган расмийлаштирув корхона олдига қўйган режалар ва марраларни ўз вақтида амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, корхонанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ижобий муносабатларни мустаҳкамлашда асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постида сутканинг 24 соат давомида божхона расмийлаштирувлари амалга оширилаётгани экспортёрларнинг куннинг хоҳлаган қисмида экспорт амалиётини амалга оширишига имкон беряпти.

«Навоийуран» давлат корхонаси томонидан 2022 йил давомида 26 та партияда уран оксиди ва аммоний перренати маҳсулотлари божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, 274 та фитосанитар сертификатлар расмийлаштирилди.

— «Навоийуран» ДК ўзининг экспорт-импорт операцияларини бизнинг «Тинчлик» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга ошириб келаётган эди, — дейди Навоий вилоят божхона бошқармаси масофавий электрон декларациялаш божхона пости инспектори Алишер Баратов. — Президентимизнинг тегишли фармонлари билан 2022 йилнинг 1 майидан бошлаб «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ташкил этилди. Мазкур божхона постларининг ташкил этилиши билан тизимда шаффофлик таъминланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, корхона томонидан ўтган йил якунлари билан маҳсулотлар экспорти 118,9 фоизга бажарилиб, 2021 йилга нисбатан ўсиш суръати 110,2 фоизни ташкил этди.

Албатта, ушбу кўрсаткичларни бажариш ва корхонанинг халқаро миқёсдаги мавқейи юксалишида касбий салоҳияти юқори, тезкор ва ҳаракатчан божхона органлари ходимларининг ёрдамлари катта бўлмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер