Ташаббускор ва фаол номзодлар сайланмоқда

23:34 16 Май 2022 Жамият
614 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 16 мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида Хоразм вилоятида ҳам ушбу тадбир юқори савияда ўтказилмоқда.

Аввало, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари, ишчи гуруҳлар томонидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига обрў-эътиборли, фаол ва ташаббускор номзодлар кўрсатилди. Ҳар бир кўча, қишлоқдан вакиллар йиғилишида иштирок этувчилар рўйхати шакллантирилди.

Боғот туманидаги «Янги қадам» шаҳарча фуқаролар йиғини раиси сайлови ҳам қонунчилик талаблари асосида, ҳудуд аҳолиси фаоллиги остида ўтди. Вакиллар шаҳарча фуқаролар йиғини раислигига номзодларнинг дастури билан танишиб, уларнинг ташкилотчилик, ташаббускорлик фазилатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ойбек Бектурдиев кўпчилик овоз билан «Янги қадам» шаҳарча фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

— Президентимиз томонидан маҳалланинг ижтимоий мавқейини юксалтириш, ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда яхши самара бермоқда, — дейди меҳнат фахрийси Ўринбой Сафоев. — Айниқса, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли лавозимларининг жорий этилиши, хонадонбай ишлаш орқали камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ. Ана шу ишларни мувофиқлаштириш, халқимизнинг рози қилишда маҳалла оқсоқоли зиммасига жуда катта масъулият юкланади. Биз бугун 3 та номзод орасидан ана шу вазифаларни уддалай оладиган энг муносибини маҳалламизга раис қилиб сайладик. Энди кексаю ёш – барчамиз унинг атрофида жипслашиб, олдимизда турган эзгу мақсадларни амалга оширамиз.

Хоразм вилоятида май ойи охиригача 526 та маҳаллада фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказилади.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер