Тарозидан ҳамма розими?
Фото: Иллюстратив фото
Бозор-ўчар қилишнинг ўз гашти бор. Худди озгина пулимиз барака қилиб кўпга татигандай қувонамиз. Шунга бўлса керак, қўлига пул тушган борки, нимадир зарур бўлса, бозорга шошади. Яхшида, бемалол танлов қиласиз, кўпчиликни кузатасиз, одамлар нима оляпти, нима сотяпти, барчаси ўзгача. Энг қизиғи, савдолашиш жараёнида бўлади. Сотувчи билан барака қилиб, олаётган нарсангиз нархини туширсангиз, пулингиз чўнтагингизда қолгандай хурсанд бўласиз.
Аммо кейинги пайтларда халқимиз бозорга ошиқмай қўйгандек, назаримизда. Йирик савдо марказлари, супермаркетлар бозордан гавжум. Сабабини эса тушунгандайман. Бу борада тарози масаласига тўхталмай иложимиз йўқ. Тонг саҳарда ўз пешона терисини ҳалоллаб сотиш учун бозорга келган деҳқон эшик тагиданоқ арзон-гаровга олибсотарларга бериб кетишга мажбур. Чунки бу ҳудуднинг ҳам айрим норасмий эгалари бор. Бу, улар тили билан айтганда, «нонталаб»лардир. Улар нафақат «нонталаб» бўлишади, балки тарозилари билан сизнинг ҳаққингизни ҳам талаб, юлқаб олишади. Синчковлик билан кузатсангиз, ўз сотув усуллари бор. Мабодо бир кило помидор сўрасангиз, меҳри жўшиб, халтани 2 килога тўлдира бошлайди. Кейин «Ортиб кетибди» дея ортиқчасини ола бошлайди. Сиз эса «Нима қилибди, ортиқчаси шартмас,” дерсиз. Лекин уларнинг чаққонлигидан сизга бир кило яроқсиз помидор пакет ичида алоҳида сараланганини сезмай ҳам қоласиз. Бу каби методлар талайгина. Одамлар ҳаққини уриб қолишга одатланган кимсалар тарозини ҳам турли усуллар билан имкон қадар камроқ тортиб беришга мослаштириб олган. Бир қадам юриб бошқа тарозига қўйсангиз, миқдор кам кўрсатиб тураверади. Ортингизга қайтиб талаб қилгани уяласиз, лекин уриб қолган уялмайди, хиёнатда давом этади. Иложи йўқ, қўл ўрганган. Гўшт билан тенгма-тенг суяк олишга кўниккан одамларимиз бунга ҳам рози. Лекин тарозининг ўзи бу ишлардан розимикин...
Нега бу жисмга «то-рози» деган ном берилган экан? Сўз замирида нега розичилик моҳияти бор?
Бунинг туб илдизи хусусида тафаккур қилар эканмиз, тарози - яъни инсоннинг розичилик ўлчови, уни то рози бўлгунча ўлчанадиган мезон миқдори, адолат меъёридир. Афсуски, биз бу азалий мезонга хиёнат қила бошладик. Алам қилади, қаттиқ алам қилади, тарозидан урилган ҳаққимиз эмас, қалбни қийнаган оғриғи шундаки, икки қоракўз бир-биримизни куппа-кундузи алдашдан хижолат тортмаяпмиз, сесканмаяпмиз, ўртанмаяпмиз.
Ҳар қалай ҳар нарсада, савобу гуноҳ ўлчовида ҳам тарози борлигини унутмаслик керак.
Комила ИСРАИЛОВА,
журналист, Фарғона вилояти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг