Тарихий атамалар ҳам номоддий маданий мерос ҳисобланади
Фото: Халқ сўзи
Юртимизда жадал ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан бирга кўча ва маҳаллаларга янги-янги номлар қўйилмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо бу ишлар ортидан аҳоли орасида янги ном ва эски номни адаштириш, ёхуд бир маҳалла номи билан бошқа бир қишлоқ номининг ўхшаш бўлиб қолиши натижасидаги чалкашликлар келиб чиқиши ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу эса таассуфлидир.
Бундай ўзгартирилган номлар доим ҳам ўзини оқламайди. Ўтмишга назар солсак, бир жойнинг номи бир неча бор ўзгартирилганини кўришимиз мумкин. Бундай ҳолатлар ортиқча оворагарчиликдан бошқа нарса эмас. Аслида топонимлар ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Ҳар бир жой номи ўзига хос тарихий аҳамиятга эга ҳолда ёки ўша ҳудуднинг қандайдир хусусиятига атаб қўйилади.
Масалан, Ғаллаорол тумани номига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ушбу номнинг ўзиданоқ Ғаллаорол ҳақида оз бўлсада тасаввур ҳосил қилишингиз мумкин. Яъни бу ерлик аҳолининг аксарияти азалдан ҳудуднинг номига хос ва мос равишда лалмикор ерларда ғалла етиштириш билан шуғулланиб келади. Шунга кўра туман номи «ғалланинг ороли, макони» деган мазмунни беради.
Шу туманда Тутли ва Қорақўйли қишлоқлари бор. Бу қишлоқлар ҳам ҳудуд хусусиятига кўра номланганини кўришимиз мумкин. Тутли қишлоғида узоқ ўтмиш даврларига гувоҳ бўлган азим тут мавжуд. Қорақўйли қишлоғидаги нуроний отахон-онахонларимизнинг айтишича, бу ерларда илгари қоракўл қўйлари боқилиб, одамларнинг асосий меҳнат фаолияти чорвачилик бўлган. Кўпчилик бу ерни «Қоракўл қўйлари бор жой»деб таниган. Кейинчалик бу атама халқ тилида сайқалланиб, «Қорақўйли» номига айланган.
Янги манзилларга янгича номлар қўйилиши яхши, лекин қадимий номларни ўзгартириш, назаримизда, тарихий ёдгорликларни йўқ қилиш билан тенгдир. Ном катта ёки кичик қишлоқники бўлсин, ҳар бири тарихий аҳамиятга эга. Демак, асрлар оша тильдан-тилга ўтиб келаётган атамалар ҳам номоддий маданий мерос ҳисобланади. Шундай экан, моддий меросларимизни қандай асраётган бўлсак, халқимиз ўтмишидан сўзловчи жой номларини ҳам ўз ҳолича сақлаб қолиш мақбулдир.
Муслима МАНСУР қизи,
Гулистон давлат университети талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг