Тарихи ва тақдири муштарак халқлар мамлакати
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Янги Ўзбекистон — тарихи ва тақдири муштарак халқлар мамлакати» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли, кўламдор ва натижадор ислоҳотлар, инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари асосида юритилаётган оқилона сиёсат мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқимизнинг ўзаро тотув, осойишта, эмин-эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун ўзига хос замин яратмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида турли миллатли ягона оилага мансублик туйғусини кучайтириш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий, энг аввало, қўшни давлатлар билан кўп қиррали дўстона муносабатларини тиклаш ва кенгайтириш борасида қўйилган йирик қадамлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда.
Тадбирда соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш ва ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида Парламент томонидан амалга оширилаётган қатор устувор вазифалар эътироф этилди.
Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг муқаддимаси ва тегишли моддаларида миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш, миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари, анъаналарини ҳурмат қилиш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш, шунингдек, барча фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани айтиб ўтилди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга мувофиқ, 30 июль – Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилингани жамиятимизда катта воқеликка сабаб бўлгани таъкидланди. Хусусан, ушбу байрамнинг кенг нишонланиши инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда, жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир давомида давлатимиз томонидан Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасидаги катта хизматлари, ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ инсонлар «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонлари билан тақдирлаб келинаётганлиги қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Ватан равнақи йўлида яшаб, меҳнат қилаётгани, Қонунчилик палатасида фаолият олиб бораётган депутатлар сафида ҳам турли миллат вакиллари борлиги, 40 га яқин миллий маданий марказлар, 34 та дўстлик жамиятлари фаолият юритаётгани, таълим муассасаларида ўқувчилар учун 7 та тильда таълим бериш йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.
Бундан ташқари, тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда парламент нафақат вакиллик, қонун ижодкорлиги, назорат фаолиятини амалга ошириш, балки, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсатни юритишда ҳам фаол иштирок этаётганлигига урғу бердилар.
Хусусан, Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган 58 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари бугун жамият тараққиёти, миллатлараро тотувликни мустаҳкамалаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда инсоният дуч келаётган мураккаб муаммолар, хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишда, турли таҳдидларнинг олдини олишда барча манфаатдор давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этаётгани, ушбу глобал масалаларни ҳал этишда дўстлик ҳал қилувчи куч эканлиги борасида фикр алмашилди.
Тадбир якуни бўйича тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг