Тарғибот воситалари миллий менталитетимизга мосми?
Фото: Халқ сўзи
Бугун юртимизнинг исталган шаҳри ёки туман марказини айланиб, йирик савдо марказлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, кўнгилочар масканлар пештоқидаги ажнабий номларни кўриб, ҳайратланмай ҳам қўйдик. Кўникдик. Бироқ айни чоғда кўнгилни тирнаб ўтадиган жойи ҳам борки, бир қарашда жимжимадор, лекин тушунарсиз, кўп ҳолларда эса тилимизга, дилимизга ёт бўлган бундай номларни танлашдан кўзланган мақсадларнинг туб илдизлари кишини сергак торттиради. Бинобарин, ҳар қандай ташқи тарғибот воситаси миллий маънавиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Қолаверса, улар худди китоб сингари кучли таъсирга эга.
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган Темирйўлчилар саройида Ўзбекистон Республикаси «Тасвирий ойина» ижодий уюшмасининг ўтган йил якунлари ҳамда жорий йилги устувор вазифалар ижросига бағишланган республика кўргазмали семинарида ана шу муаммолар тилга олинди, соҳада олиб борилаётган ишлар таҳлилий-танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Унда ижодий уюшманинг Кенгаш бошқаруви аъзолари, вилоят, шаҳар-туман бўлимлари раҳбарлари ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари қатнашиб, ўзаро фикр алмашдилар.
Семинар аввалида ижодий уюшма томонидан тайёрланган намунали кўргазмали тарғибот воситалари ташкил этилиб, соҳада эришилаётган ютуқлар ва амалий тажрибалар намойиш этилди. Шу мавзуда тайёрланган таҳлилий видеолавҳада маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини таъминлашда тасвирий тарғибот воситаларининг ўрни муҳимлиги кўрсатиб берилди.

Тадбирни Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов кириш сўзи билан очиб, тадбиркорлик, туризм жадал ривожланаётган латиф шаҳарда улуғ аждодлардан мерос тарихий, маданий, адабий меросни кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан қисқача таништириб ўтди.
«Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов ўтган йили уюшма томонидан ватанпарварлик, мамлакатимизда барча соҳаларда эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар бўйича маълумот берилди.
Маърузада тасвирий-тарғибот воситаларини тайёрлашда ҳудудларда йўл қўйилаётган камчиликлар, миллий менталитетимизга хос бўлмаган воситалардан фойдаланиш ҳолатлари кўп учраётгани ачинарли эканлиги таъкидланди. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиши муҳимлигига эътибор қаратилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, ижодий уюшма бўлимлари маҳаллий ҳокимликлар буюртмаси асосида шаҳар, туман марказлари, аҳоли яшаш манзилларида она Ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбияловчи шиорлар ва матнлардан фойдаланиб, марказий кўчалар, бозорлар, хиёбонлар, бекатлар, автотранспорт воситалари ҳамда одамлар гавжум жойларга, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга баннерлар, плакат ва бошқа тасвирий-тарғибот воситаларини жойлаштиради.
— Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига доир давлат дастурлари асосида янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнининг асл ижодкорлари - замондош фидойи ёшлар, қаҳрамон юртдошларимиз эканлигини кенг акс эттирувчи кўчма фотокўргазмалар ташкил этиш фаолиятимизнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади, — деди И. Латипов.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Республика «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Кенгаши аъзоси Акмал Нуриддинов (Акмал Нур), Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов муштарак мақсад йўлида самимий ҳамкорликда ишлаш мақсадга мувофиқ эканини қайд этдилар.
Шунингдек, семинарда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили – ёруғ келажагимиз пойдевори» номли тавсиялар қўлланмасининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тавсиявий қўлланма саҳифаларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан, тантанали маросимлардаги нутқлари, байрам табриклари, асарларидан олинган иқтибослар, донишмандларнинг ҳикматлари, ҳадислар, халқ мақоллари, шеърий мисралар, она-Ватанни ҳимоя қилиш, мустақилликни мустаҳкамлаш, инновацион ривожланиш, Учинчи Ренессанс, аёлларни улуғлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва миллий қадриятларимизни эъзозлашга ундовчи шиорлар ҳамда юртимизнинг ижтимоий тараққиёти билан боғлиқ долзарб мавзулардаги қайд ва матнлар жамланган.
Тавсиялар турли байрам тадбирлари ўтадиган жойлар, марказий кўчалар, хиёбонлар, бозорлар, бекатлар ҳамда одамлар гавжум бўладиган, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга ўрнатиладиган баннерлар, плакатлар ва турли тасвирий-тарғибот воситаларини тайёрлашда, маънавий-маърифий тадбирларни безашда фойдаланиш учун тарқатилди.
Икки кунлик семинар давомида тадбир иштирокчилари Фарғона вилоятидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ташқи тарғибот воситаларини жойлаштириш ва безаш жараёнлари билан боғлиқ амалий тажрибалар билан яқиндан танишди. Меҳмонлар учун Риштон туманида жойлашган Халкаро кулолчилик маркази, таниқли кулол Равшан Тожиддинов томонидан ташкил этилган кулолчилик галереяси, Учкўприк туманида «Меҳригиё» оилавий корхонаси, «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳамда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси, Алломалар музейи бўйлаб мароқли сайёҳатлар уюштирилди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг