Тарбиячининг номақбул ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади — Болалар омбудсмани
Видеодан кадр
Аввалроқ Навоий шаҳрида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси болаларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлиб, жисмоний зўравонлик қилгани ортидан ишдан олингани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат Болалар омбудсманининг назоратига олиниб, ИИВ ва Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилмоқда.
Аниқланишича, жорий йилнинг 8 апрель куни Навоий шаҳрида жойлашган хусусий болалар боғчасида тарбиячи Э.Н. (23 ёшли аёл) вояга етмаган болалар Д.С. ва М.З.га нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уларга жисмоний куч ишлатган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Таъкидланишича, тарбиячининг номақбул ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Болага нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлари факти вилоят МТМТБ томонидан ўрганилиб, тарбиячи Э.Н. билан тузилган меҳнат шартнома бекор қилинган ҳамда ушбу муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилган.
«Мутасадди идоралар бу каби зўравонлик ҳолатларни олдини олиш бўйича превентив чоралар ва тизимли назорат кучайтирилишига жиддий эътибор қаратиши зарур.
Жумладан, педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас.
Чунки таълим муассасаси бола учун тазйиқ ва қўрқув манбаи эмас, балки соғлом, хавфсиз ва дўстона муҳит макони бўлиши шарт», дейди Болалар омбудсмани.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг