Тарбия педагогикаси – янги даврнинг маънавий эҳтиёжи

11:35 09 Август 2024 Жамият
412 0

Одамзот пайдо бўлибдики, тарбия деган тушунча бор. Аниқроқ айтадиган бўлсак, «инсон» ва «тарбия» деган тушунчалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ атама.

Баъзилар педагогикани бола ҳақидаги фан деб тушунади. «Педагогика» сўзининг маъноси гарчи «бола етаклайман» дегани бўлсада, ушбу фан энг аввало, инсон тарбияси билан боғлиқ фан ҳисобланади. Француз адиби Антуан де Сент-Экзюпери «Тарбия таълимдан устун туради. Инсонни тарбия вояга етказади», деб бежиз айтмаган. Шу маънода «тарбия педагогикаси» деган ибора чуқур фалсафий мазмунга эга тушунча.

Яқинда давлатимиз раҳбари иштирокида мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича ўтказилган тадбирда Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш таклифи кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу янгиланган институтга уч ҳалқа – «маҳалла – ота-она – мактаб» ҳамкорлигини кучайтириш, тарбияга доир адабиётлар яратиш, жадид боболаримизнинг тарбиявий ғояларини илмий тадқиқ этиш вазифалари қўйилди. 5 та ихтисослик бўйича илмий кенгаш фаолиятини ҳамда магистратура ва докторантура бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар топширилди.

Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этишнинг тарихий аҳамияти нимада ва у қандай мақсадга қаратилган? Аввало шуни таъкидлаш керакки, тарбия – бугун жамиятимизга сув ва ҳаводек зарур. Фаровон турмушимизни таъминлашнинг энг ишончли йўли ва кафолати. «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» деган иборанинг ўзи буни яққол тасдиқлаб турибди. Айниқса, бугунги янгиланиш даврида тарбия жараёни мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этадиган, унинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни ва истиқболини белгилаб берадиган омил сифатида тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. ​

Аслида, «таълим» билан «тарбия» ўзаро алоқадорликда, узвий боғлиқликда ва ўзаро таъсирда бўлган, бир-бирини тақозо этадиган, бир-бирини тўлдириб ва бойитиб борадиган тушунчалардир. Энг аввало, мактабларда тарбия фанини ўқитишнинг сифати ва натижадорлигини ошириш фақатгина мактабгача ва мактаб таълими ёки олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг эмас, айнан, мана шу олийгоҳнинг ҳам фаолияти мазмунига айланса, тарбиядан кўзланган мақсадларга эришиш имконияти ошади.

Ҳозирги кунда тарбия фанини ўқитиш борасида қандай жараён кузатиляпти, ушбу фаннинг илмий ва ўқув-методик таъминоти, фаннинг истиқболлари қандай? Шу каби масалаларни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, ушбу фанни ўқитишнинг энг қулай, замонавий педагогикага асосланган ечимларини топиш ва амалиётга жорий этиш янги миллий институт фаолиятида муҳим йўналиш бўлиб қолишига мутахассис педагоглар умид боғламоқда.

Тарбия педагогикаси, аввало, ўқувчи ёшларнинг билим олишга, меҳнатга бўлган қизиқишини кучайтиради. Шунинг баробарида ўқувчида мулоқот маданияти, коммуникативлик фазилатлари, ақлий салоҳият шаклланиб боради, билими ва ўзлигини намоён этиш хусусиятлари кучаяди. Уларда қийинчиликлардан қўрқмаслик, мардонаворлик ва мустаҳкам ирода кўникмалари таркиб топади. Ўз-ўзига танқидий баҳо бериш, камчилик ва нуқсонларни бартараф қилишга интилиш, ижтимоий нормаларга мос хулқ-атворни эгаллаш кўникмалари шаклланади. Ўқувчида инсонийлик, меҳр-оқибат, ўзгаларни ҳурмат қилиш каби фазилатларни шакллантиришига замин тайёрланади. Миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, бағрикенглик хусусиятлари қарор топади.

Аслида тарбия фани ўқитувчисини тарбия педагогикасини тарғиб қилувчи мутахассис деб тушуниш мумкин. У педагогик маҳорат билан бир қаторда маънавий ва мафкуравий етуклик, касбига садоқат, уни ҳаётининг мазмуни деб билиш, ватанпарварлик, ғурурлилик, илмга мойиллик, билимдонлик, ташкилотчилик, хушмуомалалик, коммуникативлик каби шахсий сифатларга эга бўлиши лозим.

Бугунги ўқитувчи ўз билим ва тажрибасини тинмай ошириб бориши, бутун ҳаёти давомида ўқувчи бўлиб қолиши керак. Озгина билим олиш учун ҳам кўп ўқиш керак. Шарқу ғарбнинг улуғ донишмандлари ҳикматларида айтилганидек, юксак ғоявий мақсадларга асосланмасдан таълим-тарбия борасида мукаммал маънавиятга эришиш мумкин эмас. Биз бугун янги даврни, янги Ўзбекистонни, энг аввало, маърифатли жамиятни барпо қилмоқдамиз. Демак, тарбия педагогикаси халқимизни маърифатли жамият сари етаклайдиган йўлчи юлдуз – маёқ бўлиши лозим.

Зайниддин Болтаев,

Комил Ҳайдаров,

Ўзбекистон—Финляндия педагогика институти профессорлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер