«Тақдир ҳазили» қимматга тушди

13:52 01 Февраль 2023 Жамият
1140 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий вилояти Хатирчи туманидан бўлган Жамшиднинг бошдан кечирганлари ўша машҳур «Тақдир ҳазили ёхуд қушдай енгил бўлинг» фильмининг бош қаҳрамони Лукашиннинг тақдирига ўхшаб кетади. Фарқи шундаки, фильмда Женя мастлик туфайли бошқа шаҳарга учган бўлса, бизнинг Жамшид сархушликда бошқа бировнинг машинасини ўғирлаб кетади.

Хуллас, Жамшид дўстлари билан Навоий шаҳридаги сўлим кафелардан бирида тунги соат 00:30 ларга қадар ичкиликбозлик қилишади. Тарқалишаётиб, «кам бўлиб қолганлигини сезиб» яна бир манзилга боришади. Кейин эса яна бир танишининг туғилган кунини нишонлайдилар. Қолганини бизнинг «Лукашин» эслай олмайди.

Жамшид эртасига соат тўққизлар атрофида уйғонади. Женядан фарқли ўлароқ ўз уйига келган. Фақат самолётда эмас, Cobalt” автомашинасида (ўзи бошқариб) келибди. Бу кимнинг автомашинаси, қандай унинг қўлига тушиб қолган, ЙПХ масканларидан қандай ўтган, ҳеч бирини хотирлай олмайди. Шуларни ўйлаб, Жамшиднинг юраги ортга тортиб кетади.

Ҳартугул қариндошлар маслаҳатига қулоқ тутиб, ИИБ идорасига хабар беради. Тезкор вакиллар келишиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддасига асосан жиноят иши очилиб, иш судга оширилади.

—  Судланувчи судда айбини тан олиб, мазкур ҳолат бўйича тергов жараёнида жабрланувчига етказилган барча зарарларни қоплаб берилгани, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан енгиллик беришини сўради, — дейди Навоий вилоят суди судьясиАбдумўмин Раҳимов. — Суд мазкур ҳолатларни инобатга олиб, судланувчиниЎзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 1 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Яна бир гап, амалдаги қонунчиликка кўра Жамшид яна уч йил автомашина бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер