Танлов ғолиби аниқланди
Нукусда “Ҳамшира-2019” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 22 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.
Танлов учта шарт бўйича олиб борилди. Хусусан, “Ҳамшира ташрифи” деб номланган биринчи шартда ҳамширалар саҳнада ўзи, касби, яшаётган ҳудуди тўғрисида маълумотлар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасидаги билими акс этган кўринишлар намойиш этишди. Кейинги шартлар бўйича эса уларнинг назарий ва амалий билимлари синовдан ўтказилди.
Якунда Қорақалпоғистон Республикаси силга қарши курашиш болалар санаторийси ҳамшираси Дилбар Сапарбаева ғолиб деб топилди. Кейинги ўринлар Кегайли туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Салтанат Жолдасбаева ҳамда Элликқалъа туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Шаҳноза Бекжановага насиб этди.
Ғолиблар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳидоят АҲМЕДОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг