Таниқли шоира табаррук ёшда

10:39 20 Июнь 2023 Жамият
607 0

Бугун — Қорақалпоғистон халқ шоири

Гулистон Матёқубова таваллуд топган кун

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубова (Аннақиличева) табаррук ёшини нишонламоқда.

Шоиранинг ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги нафис шеърлари, мағзи тўқ достонлари, гўзал эсселари, ҳикоялари, бадиаларини адабиёт ихлосмандлари яхши билади, севиб мутолаа қилади.

Халқ оғзаки ижодининг теран томирларидан сув ичган, ёниқ туйғулар тараннум этилган бу асарлар ўқувчини беихтиёр асир этади, қалбига ёруғлик, кўтаринкилик улашади.

Кўнгилларни эзгуликка тўлдириб келаётган шоира шеърияти бундан кейин ҳам офтоб каби нур сочиб, бадиият муҳиблари юрагини азалий қадриятларга ошно этаверишига, уларнинг руҳига оппоқ туйғулар, боқий фазилатларни сингдираверишига ишончимиз комил.

Айни шукуҳли дамларда шоирага Яратгандан мустаҳкам соғлиқ-саломатлик, хайрли ишларида мададкор бўлишини сўраймиз. Ғайрату шижоати ҳеч қачон сўнмасин! Ижод бўстони энг нафис, хуш ифор гулларга бурканаверсин!

Қуйида ижодкорнинг шеърларидан намуналар туҳфа этилмоқда.

Вақт эртаклари

Менинг оламимда бўшлиқлар йўқдир,

Чексизликларида узоқ манзиллар.

Зулматлар йўқ унда, нурлар тўкилиб,

Фақат баҳор бўлиб қолган фасллар.

Менинг оламимда майин оҳанглар,

Ишқ тўлқинларида юлдузлар куйлар.

Рангли мушак каби отилар тонглар,

Вақт эртакларини тўқир сеҳрлар.

Менинг оламимда ёлғонлар йўқдир,

Нафис бир ҳикматга айланган рашк ҳам.

Денгизлар моҳият яратар, дарё

Ақл нурларидан тошади кўркам.

Менинг оламимда биз абадиймиз,

Тақдир ҳам йўқ унда, унда йўқ вақт ҳам.

Менинг оламимда бир покизалик,

Оддийлик нури-ла ясанар хуррам.

Менинг оламимнинг бошланиши йўқ,

Демак кўринмайди унинг охири.

У яратилган мен туғилмасимдан,

Унда жамдир ишқнинг тақдири.

Сўз билан ҳайратни чизиб беролмам,

Сўз билан чизолмам муҳаббатни ҳам.

Бир томчи шудрингда денгиз кўринса,

Бир дона лолада ер курраси жам.

Туш сеҳри

Қуёш бунча эрта уфққа шошилар,

Тушларимнинг сири яшар шафақда.

Жийда гулларининг атри сочилар:

Қирларга, йўлларга, атрофга.

Жийда гулларидай олтин ранг нурлар,

Жийда баргларидай кумуш ранг осмон.

Оламга ёйилган хушбўй атирлар,

Кўнгил осойишта, умид беармон.

Жийдаларнинг майда гуллари аста

Қўнғироқчаларин чалар йўлларда.

Ишонгим келади гул хушбўйлари

Асрайди юракни зулмат тунлардан.

Жийдали хуш оқшом уйқуга кетар,

Бир ширин тушларга бошини қўйиб.

Ўтади, ўтади, бу кун ҳам ўтар,

Юрак деворига дардини ўйиб.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер