Таъминотда рақамлаштириш тизими ўз самарасини бермоқда
Фото: Халқ сўзи
Қиш-қировли кунларда табиий газ таъминоти куннинг асосий масалаларидан бирига айланади. Инчунун, маиший газ баллонларидан фойдаланувчилар ташвиши ҳар қачонгидан ортади. Андижон вилоятида бу борадаги муаммоларга чек қўйиш, таъминотдаги шаффофликни кафолатлаш мақсадида ИД карта тизими йўлга қўйилгани ўз самарасини беряпти.

Булоқбоши туманидаги «Байналминал» маҳалла фуқаролар йиғини тоғ бағрида жойлашган бўлиб, ушбу манзилда аҳолининг энг катта эҳтиёжи маиший газ баллонлари билан боғлиқ. Бу ердаги 799 нафар истеъмолчи 1 минг 116 та маиший газ баллонидан фойдаланади.
— Бундан бир йил аввал онлайн тизим орқали газ етказиб бериш бошланган вақтларда бизда тушунмовчилик кўп бўлган, — дейди байналминаллик меҳнат фахрийси Озодбек Тўланов. — Бу айрим норозиликларни ҳам келтириб чиқарган эди. Ҳозирда ушбу тизимдан барча мамнун. Махсус карта орқали газ учун тўловнинг ечиб олиниши ҳар томонлама қулай экан.
— Ўтган йили суюлтирилган газ истеъмолчиларга тўлиқ онлайн тизим асосида етказилди, — дейди «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали директори ўринбосари Зафарбек Қаҳҳоров. — Аҳолининг 4 миллион 65 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари тўлдириб берилди. Жорий йилда бу рақамни янада ошириш, айниқса, мана шундай аёзли кунларда чекка, олис ҳудудлардаги хонадонларга суюлтирилган газни узлуксиз етказишга ҳаракат қилинмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг