Таълимнинг кўринмас таянчи

20:04 16 Апрель 2026 Жамият
203 0

Бугун кўпчилик давраларда педагогика фанига нисбатан иккинчи даражали, ҳатто “ёрдамчи” фан сифатида қараш ҳолатларига дуч келяпмиз. Ҳатто тажрибали, кўпни кўрган айрим зиёлиларимиз томонидан ҳам “Педагогика бўйича диссертациялар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетди, бу – соҳанинг саёзлиги аломати”, деган фикрлар янграб қолмоқда. Албатта, бундай қарашлар нафақат адолатсиз, балки илм-фаннинг ўзига хос табиатидан бехабарликдан ҳам далолат беради.

Чунки педагогика бошқа фанлардан фарқли равишда ўқитишнинг назарий ва методик асосларини тўлиқ қамраб олади. Масалан, бундан ўн йил олдин болаларни ўқитиш услуби билан бугунгиси бир хил эмас. Ҳозирги ёш авлод ахборот оқими орасида ўсиб улғаймоқда, уларнинг тафаккур тарзи, диққатни жамлаш қобилияти, ҳатто хотираси ҳам аввалги авлодлардан фарқ қилади. Ана шу ўзгаришларга мос ўқитиш йўлларини излаш, янги методикаларни тайёрлаш, синаб кўриш илмий ишдир.

Ҳеч бир аниқ фан ўз методикасисиз ривожлана олмайди. Дейлик математика ўқитишда ёш талабага мураккаб формулалар, моделлар, кўргазмали тажрибалар ёрдамида тушунтириш билан оддий доска ва бўр билан сўзлаб бериш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Демак, ҳар бир фаннинг ўз методикаси, ўз ўргатиш йўли, ўз тушунтириш йўриғи бор. Ана шу йўриғни илмий жиҳатдан асослаб бериш, тажрибада синовдан ўтказишни айнан педагогика илми бажаради. Шу маънода, педагогикасиз ҳеч бир фан тўлиқ бўла олмайди.

Илмий институтда ишлаётган тадқиқотчи ўз изланишининг методикасини билмаса, қайси усулдан, қайси кетма-кетликда фойдаланишни англамаса, унинг иши натижа бермайди. Ҳар бир тадқиқотчи аввал “Менинг тадқиқотим методикаси қандай бўлиши керак?” деган саволга жавоб излайди. Бу савол ҳам моҳиятан педагогик саволдир. Чунки тадқиқот методикасини шакллантириш – методика илмининг тармоқларидан биридир. Демак, ҳар қандай фан, ҳатто энг “аниқ” ва “мураккаб” дея ҳисобланган соҳа ҳам методик асосларсиз ривожлана олмайди.

Педагогика билан жиддий шуғулланиш осон иш эмас. Ҳақиқий педагогик тадқиқот учун олим ҳам психология, ҳам социология, ҳам ўз ўргатаётган соҳасининг моҳиятини билиши керак. У ўқувчининг қандай ўйлашини, нимадан қачон чарчашини, қандай мисол келтирилса яхшироқ англашини билиши шарт. Шунинг учун бир гуруҳ касбдошларимдан илтимос қилмоқчиман: педагогика билан шуғулланаётганларни четлаштириш ўрнига, аксинча уларни қўллаб-қувватлайлик.

Ҳар бир фан жумладан, математика ва педагогика ўзининг методикасисиз бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Олим эса аввало, ўз соҳасида янгилик яратиш билан бирга, бу янгиликни кейинги авлодга қандай етказиш ҳақида ҳам ўйлайди. Айнан шу нуқтада педагогика илми билан бошқа фанлар бир-бирини тўлдиради, бир-бирига куч беради. Шу маънода, янги Ўзбекистонни барпо этишда бу соҳа дастури амал деб ҳисоблаймиз. Чунки ҳаёт ўз ҳақиқатини кўрсатади: ҳеч бир жамият ўз ўқитувчиларисиз, ўз методикасисиз, ўз педагогик илмисиз ривожлана олмайди.

Ризамат ШОДИЕВ,

Қарши давлат университети профессори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер