Талимаржон ИЭСда иккита энергоблок бунёд этилмоқда
Умумий қиймати 944,87 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган, 1065 МВт қувватга эга ушбу буғ-газ қурилмалари ишга тушгач, корхонада йилига яна 8 миллиард кВт соатдан ортиқ қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади. Шу билан бир қаторда, юқори тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига йилига 520 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
— Лойиҳани амалга оширишда Испания ва Япония компаниялари бош пудратчи сифатида иштирок этмоқда, — дейди “Талимаржон ИЭС” АЖ матбуот хизмати раҳбари Элёр Дархонов. — Айни пайтда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилмаларнинг бош бино асоси ва ускуналар ости тупроғининг юк кўтариш ҳолатини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шундан сўнг босқичма-босқич тарзда қурилманинг кейинги қисмларини барпо этишга киришилади.

Элёр Дархоновнинг қўшимча қилишича, ушбу инвестицион лойиҳа Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда.
Лойиҳа 2025 йилда ишга туширилиши кўзда тутилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг