Таълим соҳасидаги узвий ҳамкорлик

14:45 26 Август 2022 Жамият
966 0

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узвий тарза ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимизнинг фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам кўп йиллик тарихга эга. Хусусан, германиялик олимлар, илмий доира вакиллари азалдан Ватанимиз тарихи, миллий урф-одат ва анъаналарига катта қизиқиш билан қараган. Ўз навбатида, юртимиз кенг жамоатчилиги ҳам Германиянинг ўтмиши ва замонавий ривожланиш йўли, ижтимоий-иқтисодий қиёфасини ўрганишга алоҳида аҳамият берган.

Мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, жумладан, ёшларнинг халқаро меъёрлар асосида билим олиши учун яратилаётган қулай шароит, илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами Германияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса ўз навбатида икки томонлама маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг янги босқичини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Германия Федератив Республикасининг Лейбнис номидаги Ганновер университети ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан академик алмашинув дастури доирасида мазкур хорижий университетнинг 2 нафар профессор-ўқитувчиси ҳамда 19 нафар талабаси ЎзМУнинг «Чорвоқ» ўқув-дала амалиёт базасида ўқув-дала амалиётда бўлди.

Интерфаол тарзда ўтказилган 5 кунлик амалиёт давомида хорижий иштирокчиларга тупроқ ва сувдан барқарор фойдаланиш, Марказий Осиёдаги яйлов чорвачилиги ва суғорма деҳқончилик ва глобал (глобал иқлим ўзгаришлари, глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимига оид кўникмалар берилди.

Шунингдек, иштирокчи олий ўқув юртлари талабалари ўртасида соҳани ривожлантириш имконини берувчи маданиятлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини жорий этиш борасида музокаралар бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Лейбнис номидаги Ганновер Университети Германия Федератив Республикаси олий таълим тизимининг етакчи университетларидан бири бўлиб, Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги томонидан 401-500 ўрин Quacquarelli Symonds халқаро рейтинг агентлиги томонидан 601-650 ўринда жойлашган.

Ушбу ташриф доирасида – Лейбнис номидаги Ганновер университети Табиий фанлар факультети Тупроқшунослик институти директори, профессори Гуггенбергер Георг Aнтон ҳамда Табиий фанлар факультети Тупроқшунослик институти профессори Шибистова Олга Борисовна университет География ва табиий ресурслар факультетининг талаба, магистрант ва докторантларга «Табиий географик тадқиқот методлари» фанидан мустақил таълим соатлари доирасида маъруза ва амалий машғулотлар олиб бориши кўзда тутилган.

Шунингдек, ландшафт ва дизайн мутахассислигида 3 дипломли қўшма таълим дастурини (Лейбнис, Ямагата ва Миллий университетлар ҳамкорлигида) 2022-2023 йилларда очишга келишиб олинди.

Раима ШИРИНОВA,

Ўзбекистон Миллий университети

Халқаро алоқалар бўйича проректор,

филология фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер